Кремль америкалик сенатор Жон Маккейннинг тутуриқсиз айбловларидан чарчади.

"Кремль чарчади (Маккейннинг айбловларидан), - дея маълум қилди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга. – Уларни бемаъни деб ҳисоблаймиз".

Кремль вакилининг эслатишича, Маккейн анчадан бери “юмшоқ қилиб айтганда, Россиянинг ишқибози бўлмаган сиёсатчи ва бизнинг мамлакатга нисбатан янглиш фикрда”.

Аввалроқ АҚШ конгрессининг қуролли кучлар ишлари бўйича сенат қўмитаси вакили республикачи Жон Маккейн WikiLeaks ташкилоти Россия билан алоқаларга эга экани ҳақидаги баёнотини такрорлади. "Мен буни даъво қилмайман, бироқ WikiLeaks Россия билан алоқадор бўлгани шубҳасиз", - деди у. Шу билан бирга, Маккейн Москванинг WikiLeaks томонидан Марказий разведка бошқармаси томонидан қўлланадиган кибержосуслик услублари ҳақидаги маълумотларни эълон қилинишига алоқадорлигига оид далил-исботларни келтирмаган. "Йўқ, албатта, йўқ, бу ўз уйининг ертўласида сигареталар чекиб ўтирган кимдир бўлган", - дея истеҳзо билан айтиб ўтган сенатор журналистларнинг Россия маълумотлар сизиб чиқишига алоқадорми, деган саволига жавоб қайтариб.

"Биз ҳали кўп нарсани қилишимиз керак (киберхавфсизликни кучайтириш бўйича). Агарда (хакерлар) МРБни бузиб киришга муваффақ бўлишган бўлса, улар исталган инсоннинг шахсий дахлсизлигига ҳам раҳна солиши мумкин. Мени улар бизнинг энг махфий сирларимизга қадар етиб боришга қодир эканликларини кўрсатгани ташвишга солмоқда", - дея қўшимча қилиб ўтди сиёсатчи.