Chowbotics компаниясининг Sally номли роботи деярли бировнинг ёрдамисиз мингдан зиёд салатларни тайёрлай олади. Шу хусусияти сабаб инвесторлар унга 5 миллион доллар сармоя киритишга рози бўлишган. Hi-News шу ҳақида хабар берди. 

Ошхонангизда бундай ёрдамчи бўлиши ҳақида орзу қилишга бироз эрта, чунки Sally ҳозирги ҳолатида одатий квартираларга сиғмайди. Шундай бўлса-да, бундай дастёр қурилма умумий овқатланиш муассасалари учун айни муддаодир. Тез орада у ресторанлар, кафелар, меҳмонхоналар ёки шифохона ошхоналарида турли-туман салатларни тайёрлаб бериши мумкин. 

Chowbotics раҳбари Дипака Секара роботларнинг шу баҳор мавсумининг ўзидаёқ сотила бошлашига ишончи комил. Шунингдек у бироз вақт ўтгач, бундай қурилмалар уйларда ҳам пайдо бўлишини тахмин қилмоқда. Персонал компьютерларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилганди - дастлаб катта машиналар пайдо бўлган, кейинчалик уларнинг ҳажми кичрайиб, кенг қўллана бошланган. 

Sally роботлари ҳозирча фақат Калифорния ва Сан-Францискодаги бир неча ресторанларга "ишга жойланди". Улар бир неча ҳафтадан сўнг "малака ошира" бошлайди.