Миср бош прокуратураси қамоқда сақланаётган мамлакатнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакни озодликка чиқаришга розилик берди, деб хабар бермоқда "Ал-Ватан" янгиликлар портали. 

Март ойи бошида Миср кассация суди 2011 йилги тартибсизликларда намойишчиларнинг қотиллигига алоқадорликда айбланган Муборакка нисбатан оқловчи ҳукм чиқарди.

Қамоқ жазосини ўтаётган Муборак охирги йиллар Қоҳирадаги ҳарбий госпиталда сақланган. 

Шунингдек, Миср президенти рухсат берилмаган норозилик акцияларида қўлга олинган 200 дан ортиқ ёшларни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади. 

Ёш фаолларнинг Миср турмаларидан озод қилиниши масаласи Шарм-аш-Шайҳда ўтган ёшлар анжуманида кўтарилганди. Унда мамлакат президенти ҳам иштирок этган. Анжуман якунига кўра, давлат раҳбари ушбу масалани ҳал қилиш учун журналистлар, жамоат арбоблари, ички ишлар ва адлия вазирликлари вакилларидан ташкил топган идоралараро комиссияни яратиш ҳақида қарор қабул қилганди. 

Ўтган йил декабрида ҳибсда ушлаб турилган 80 дан кўпроқ ёш афв этилиб, озодликка чиқарилганди.