Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Лян Чжэньин Хитой Бош маслаҳат органи — Бутунхитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши қўмитаси раисининг ўринбосарлигига сайланди. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар бермоқда.

Лян Чжэньин кенгашнинг сўнгги мажлисида ушбу лавозимга сайланган. Шу билан ҳар йилги сессия якунланган. Аввалроқ, South China Morning Post нашри, Чжэньиннинг сайланишини марказий ҳукумат томонидан 2014 йилги намойишларда унинг ҳаракатларини тан олиш деб баҳолаган эди. Ўшанда Occupy Central фаоллари шаҳар ҳаётини издан чиқарганди. Намойишчилар шаҳар маъмурияти бошлиғини икки босқичда эмас, бевосита сайлашни талаб қилган эди. 

Лян Чжэньин 2012 йилда Ҳонгконг раҳбарлигига сайланган эди. 2017 йил 26 мартида янги сайлов бўлиб ўтади. 2016 йил охирида Лян Чжэньин оилавий сабабларга кўра, навбатдаги сайловларда иштирок этмаслигини эълон қилган эди.