Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри кўчаларида бир неча йилдан бери соддадил фуқаролар ҳисобига яшайдиган фирибгар борлиги маълум бўлди. У уйга қайтиш учун чипта ҳақидаги сохта ҳикоя тўқиб, кўз ёши тўкиб пул сўрайди, деб хабар қилмоқда NUR.KZ.

Бу ҳақда остоналик Елена Шербина Facebook’да айтиб ўтган – у ёрдам сўраган эркакка бир марта раҳми келиб ёрдам берган, бир неча ойдан сўнг у яна худди ўша илтимос билан учратган.

«Кўчада кишилардан алдов йўли билан пул сўрайдиган фирибгар ҳақида айтиб бермоқчиман. У ўзини Алибек деб таништириб, қурувчи эканини айтади. Ишга келганини гапиради. Дўстиникида қолмоқчи бўлиб келганини, бироқ у сафарга кетгани, ҳамда эндиликда уйга чипта сотиб олиш учун пули йўқлигини айтади.

Шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, бир томонга бўлган чиптани кўрсатади. У 3 минг тенгеси борлиги, аммо чипта сотиб олиш учун яна 4 минг етишмаётганини айтиб, қўшиб беришларини сўрайди. Жуда ҳам ачинарли тарзда, болалари борлигини айтиб, гапиради. Мен унга ишондим», - дея ёзган қиз.

Илк бора “омадсиз қурувчи” унга жорий йилнинг январь ойида Ўринбор кўчасида учраган. Елена эркакка ёнидаги ҳамма пулларини бериб юборган.

«Бугун эса, Турон кесишмасидаги Қўнаев кўчасида уни яна ўша эски “ҳикояси” билан учратдим. Мен бошқа кийимда ҳамда бошқа бола билан эдим, шунинг учун у мени танимади. Унга пул берганим ва у алдаётгани ҳақида айтганимда, қочиб кетди.

Суратга олишга улгурмадим. Бўйи тахминан 165 см, озғин, мўйлови бор, кўзлари олазарак. Агарда сизга ҳам учраса – унга ишонманг», - дея қўшимча қилиб ўтган остоналик қиз.

Маълум бўлишича, у фирибгарнинг ягона “қурбони” эмас. Аниқланишича, Алибек бир неча йилдан бери бу шаҳарда «уйга чипта харид қилиш» учун пул сўраш билан шуғулланиб келар экан.

«Икки йил аввал Есил ҳокимияти ёнида ҳам менга учраган, ўтган йили эса Доира майдонида ёнимга келди – ҳикояси ҳамон ўша-ўша. Фирибгар», - дея ёзган Алия Науанова исмли фойдаланувчи.

Остоналик Мария Клименконинг маълум қилишича, "бу фирибгар олти йилдан бери ҳеч кета олмайди" ҳамда пойтахтда уни кўпчилик яхши билади.

«Менинг ёнимга ҳам келиб жуда ачинарли тарзда ҳикоясини айтиб берган. Унга 2 минг тенге бердим. Бир неча ойдан сўнг эса яна учради ва кўз ёши тўкиб яна пул сўради, мен унга барчасини айтиб берганимда эса, қочиб кетди», - дея қўшимча қилиб ўтган Мадина Шикаева.

«Рости, унга ишондим. Декабрнинг ўрталарида учратдим ва 2 минг тенге бердим. Уч кундан сўнг эса бошқа қизга шундай ёлғон билан гапираётганини кўриб қолдим. Ёнига бориб, ўзимга қаратганимда, ўзини йўқотиб қўйди. Бу Сиғанак-Туркистон кесишмасида рўй берди, афтидан, “сўраш” жойини ўзгартирган", - дея ёзади Марал Аужанова.