Украина президенти Пётр Порошенко "Украина фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга ўзгаришлар киритишга тааллуқли қонун лойиҳасини олий радага кўриб чиқиш учун киритди. 

Қонун лойиҳаси 13 март куни киритилган ва унга "шошилинч" мақоми берилган. Унга берилган таърифда икки давлат фуқаролигини тақиқлаш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, бироқ президентнинг олий рададаги вакили Артур Герасимов гап айнан шу ҳақида кетаётганини айтган.

"Қонун лойиҳаси икки давлат фуқаролиги масаласини ҳал қилишга тааллуқлидир. Бу қонун билан кўнгилли тарзда хорижий давлат фуқаролигини оладиган шахс Украина фуқаролигини тугатиш талаби таъсири остига тушадиган деб белгиланади", деб айтган Герасимов.

Герасимовнинг айтишича, бу масала бошқа давлат фуқаролигининг кўнгилли тарзда олиниши билан боғлиқ вазиятга тааллуқли бўлади.