Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22-23 март кунларида Қозоғистонга ташрифини амалга оширади. Бу ҳақда бугун Қозоғистон ТИВ раҳбари Қайрат Абдурахманов мажлисдаги ҳукумат соатида маълум қилган.

«Ўзбекистон Республикаси президенти 22-23 март кунлари Қозоғистонда бўлади. Остонага Марказий Осиё давлатларининг бир қанча давлатлари раҳбарлари ташриф буюришидан кейин биз Марказий Осиё давлатлари олдимизда турган трансмиллий хусусиятдаги масалалар қаршисида бирлик намоён этаётганини кўришимиз мумкин», - деган Абдурахманов.

У Марказий Осиё мамлакатлари олдидаги барча муаммолар умумий қарашлар, оқилона ёндашув ва анъанавий биродарлик муносабатлари орқали ҳал қилинишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги икки ёқлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 16-йиғилишида Шавкат Мирзиёев президент сифатидаги илк ташрифини айнан Қозоғистонга амалга ошириши маълум қилинганди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбой Раматов айтиб ўтганди.

Ундан олдинроқ эса Шавкат Мирзиёев апрель ойи бошида Москвага расмий давлат ташрифи билан бориши ҳақида хабар берилганди.

Амалда эса Шавкат Мирзиёев илк давлат ташрифини 6-7 март кунларида Туркманистонга амалга оширди.