Россиянинг Тула вилоятида маҳаллий ўзбек диаспорасининг етакчиси полиция томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда НТВ телеканали “ЧП” кўрсатувининг 2017 йил 6 мартдаги сонида маълум қилинди. Тергов идораларига кўра, “Содружество” жамоат ташкилоти раҳбари Толиб Исожоновга қарши Россияда меҳнат қилаётган 70га яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири гуруҳ бўлиб ариза топширган. 

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг маълум қилишича, ватандошларига турли ҳуқуқий ёрдам бериши керак бўлган Исожонов уларни қўрқитиш ва таъмагирлик йўли билан шахсий бойлик орттиришда фойдаланиб келган. У Туладаги корхоналардан бирида айни иш палласида қўлга олинган. 

Қизиғи шундаки, жамоат ташкилоти етакчиси, меҳнат муҳожирларидан, уларнинг ҳужжатлари ва патентлари билан барчаси жойида бўлса-да, пул таъма қилган ва ўз улушини олиб келган. Ойлик “бож” тўламаганларга Россиядан чиқариб юбориш каби чоралар кўриш билан таҳдид қилган. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида дастлаб ишчилар бригадири қўлга олинган. Бироздан сўнг, гарчи корхона ишчилари рўйхатида бўлмаса ҳам бу ерда бўлган ташкилот етакчиси ҳам ушланган. Жабрланувчиларнинг айтишича, у корхонада бир неча ойдан бери ноқонуний бошлиқ ҳисобланган. Исожонов ҳар бир ишчидан ойига 2 минг рублдан “бож” олган. Шундоғам катта бўлмаган маошнинг бир қисмини бериш талабини рад этганларни бригадирлар, ташкилот аъзолари аёвсиз дўппослаган. Айримлар Россиядан чиқариб юборишга доир асоссиз уйдирмаларга ишонган ҳолда ёхуд тинч бўлиш илинжида “бож”ни қўш қўллаб топширган. 

Хабарларга кўра, жабрланувчилар сони 100 нафардан ортиқ кишини ташкил этади. Ватандошларининг оғир меҳнатига осонгина шерик бўлган “таъмагир” топган пулларига ҳашаматли уй қуриб, кафе очган ҳамда қурилиш ишларига пул тиккан. Оператив ходимлар унинг уйида бир неча соат тинтув ўтказишганда, молиявий ҳужжатлар, пистолет ўқ-дорилари, ўзбекистонликлар исм-шарифлари қайд этилган рўйхат борлигини аниқлашган. 

Ўзбек меҳнат муҳожирлари Исожонов устидан дастлаб Бутунроссия ўзбеклари ва ўзбекистонликлар конгресси раҳбари Иброҳим Худойбердиевга мурожаат қилишган. Унинг кўмагида ҳуқуқ-тартибот идоралари Исожонов ва гумашталарининг қилмишидан хабар топган. 

Айни вақтда, суд томонидан Исожоновга нисбатан 2 ойлик вақтинча ҳибсда сақлаш чораси қўлланилган. Яқин орада унга нисбатан “таъмагирлик” ва “Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” айби қўйилади.