Сурия иқтисодиёти 2011 йилдан буён давом этаётган инқироздан 300 млрд долларга яқин маблағни йўқотди. Суриялик иқтисодчи Ҳаён Салмон РИА Новостига берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритган. 

Сурия уруши 2011 йил мартидан давом этмоқда. Ўшанда мамлакатнинг жанубий Дераа вилоятида ҳукуматга қарши оммавий тартибсизликлар бошланган эди. Можаро оқибатида мамлакатнинг айрим туманлари ноқонуний қуролли тузилмалар назоратига ўтди. 

"Мен иқтисодиётнинг бир неча секторларида етказилган талофат ўрни ва қамрови бўйича тадқиқот ўтказдим. Шунга кўра, 2016 йилга келиб, иқтисодий идоралар кўрган зарар 300 млрд долларга етди, деган хулосага келдим", — дея баёнот берган олим. 

Экспертнинг аниқлик киритишича, Раққа ва мамлакат шимолидаги Идлиб вилоятлари, яна бошқа айрим туманларга тегишли маълумотларни олиш имкони бўлмагани сабабли, бу хулосани якуний деб бўлмайди. 

Салмоннинг хотирлашича, Сурияда ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан аввал, мамлакат ўз-ўзини таъминлай олиши, икки беш йиллик натижасига кўра, ўртача 5,2 фоизлик иқтисодий ўсиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлиги билан фахрлана оларди. 

Унинг сўзларига кўра, Сурия иқтисодиётининг ўзини таъминлай олиш салоҳияти туфайли инқироз даврида давлат йирик қарзга ботиб қолмаган. Эксперт, шунингдек, 2017 йилни Сурия учун ижобий йил бўлишини тахмин қилмоқда. 

"Менимча, 2017 йилда Суриядаги ўртача ўсиш ижобий бўлмаса-да, нолга тенг бўлади. Реконструкция ғилдираги ишга туширилди ва Сурия тез орада 2010 йилги ҳолатга қайтади", — деган Салмон.