Бразилия полицияси Рио-де-Жанейронинг фавелларидан бирида миллионлаб Венесуэла боливарларини мусодара қилди, деб хабар бермоқда Telesur канали.
 
Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, 40 миллион боливар мусодара қилинган. Расмий курсга кўра бу 4 миллион долларга тенг, бироқ унинг "қора бозордаги" асл қиймати 13,5 минг долларни ташкил қилади. 

Пуллар 10 та пакетга қадоқланган бўлган. Улар маҳаллий наркомафия етакчиларига тегишли машиналарда яширилган бўлган. 

Жорий йил февралида Парагвай полицияси Венесуэла марказий банкининг 25 тонна купюрасини Бразилия билан чегарадаги Сальтос-дель-Гуайра шаҳридаги уйлардан бирида аниқлаганди. Мутахассисларнинг тахминича, боливарлар Венесуэла "қора бозорида" долларлар харид қилиш ёки боливарларни ишлаб чиқаришда қўлланадиган қоғознинг сифати юқори эканлиги туфайли қалбаки доллар тайёрлашда қўлланиши мумкин.