Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши жараёни март ойи охирида бошланади, деб маълум қилди Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй.

13 март куни Brexit ҳақидаги қонун лойиҳаси Британия парламентининг лордлар палатаси томондан маъқулланди. Шу тариқа, қонун кучга кириши учун уни қиролича Елизавета II имзолаши керак.

"Парламентнинг иккала палатаси томондан ҳам қабул қилинган қонун лойиҳаси яқин кунларда қиролича томондан маъқулланади. Brexit жараёни аввал айтилгандек, март охирида бошланади", деб айтди Мэй.

Тахмин қилинишича, Европа Иттифоқи билан келишув деталлари бўйича музокаралар 2 йил давом этади. Шу тариқа Буюк Британия Европа Иттифоқини 2019 йил баҳорида тарк эта олади.