Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Нидерландия билан дипломатик можарони узр сўраш орқали ҳал қилиб бўлмаслиги ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters.

У бу ҳақда Анқарадаги тадбирда айтиб ўтган. Президент шунингдек Нидерландияга нисбатан қўшимча ҳаракатлар қабул қилиниши билан таҳдид қилди.

Эрдўған Германия канцлери Ангела Меркелни Туркияга, худди Нидерландия полицияси Анқаранинг Роттердамдаги консуллиги ёнида норозилик намойиши ўтказган туркларга қарши итлар ва сув замбаракларидан фойдалангани каби ҳужум қилишда айблади.

Унинг фикрича, Меркель «Нидерландиядан ҳеч нима билан фарқ қилмайди», у Европа Иттифоқига кўчиб кетган туркларни Европа давлатларидаги яқин орада бўлиб ўтадиган сайловларда «ҳукумат ва ирқчилар»га овоз бермасликка чақирди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли 11 март, шанба куни Роттердамдаги митингга ташриф буюриб, Туркия фуқароларига 16 апрель кунги референдумга қўйилган конституциявий тузатишлар ҳақида маълумот етказишни режалаштирганди. Бироқ унинг самолёти Нидерландияга киритилмади. Шундан сўнг икки мамлакат ўртасида дипломатик можаро юз берди. Эрдўған Нидерландияга қарши санкцияларни киритиш билан таҳдид қилди.

Туркия бош вазири ўринбосари Нўмон Қуртулмуш Нидерландия элчисига мамлакатга кириш тақиқлангани ҳақида маълум қилди, Эрдўған эса Анқара вазирларининг чиқиш қилишига тақиқ қўйилгани туфайли инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилишга тайёр эканини айтиб ўтди.