Хитойнинг Берлиндаги элчихонаси ва интернет фойдаланувчиларининг эътирозларига қарамасдан Германиядаги Spreadshirt интернет дўконида «Хитойликни еб, итни сақлаб қол» ва «Хитойликни еб, акулани сақлаб қол» ёзувлари туширилган футболкаларни сотишда давом этмоқда.

Фейсбук фойдаланувчилари Spreadshirt вакилларини ирқчиликда айблаган.

Дўкон раҳбарияти эса фойдаланувчилар томонидан ўйлаб топилган принтлар учун масъулиятни зиммасига олмасликлари, иш очиқ платформалар тамойилида олиб борилишини айтишган. Бу тамойилга кўра, ҳар бир фойдаланувчи ўзининг шахсий дизайни орқали футболкани бошқа харидорга таклиф этиши мумкин бўлади.

Интернет дўконининг ижтимоий тармоқдаги обуначилари раҳбариятнинг бу баёнотини қабул қилишмаган. Улардан бири "Бундай принт хитойликлардан бошқа миллат ҳақида бўлганида ҳам сотувда қолдирилармиди?" деб сўраган. Spreadshirt раҳбариятидагилар эса бунга жавобан ҳеч кимни ранжитишни истамаслигини билдирган.

"Биз кимнидир хафа қилишни истамагандик ва биз принтдаги ёзувлар кимни ҳақоратлаган бўлса, уларнинг барчасидан узр сўраймиз. Бизнинг бутун дунёда 70 мингга яқин ҳамкорларимиз бор, жумладан рассомлар, мусиқачилар, брендлар, корпорациялар, нотижорий ташкилотлар ва сиёсий бирлашмалар", дейилган баёнотда.

Интернет фойдаланувчилари бу баёнотни қабул қилишмаган ва миллатни ҳақоратловчи футболкаларни сотувдан олиб ташлашни талаб этишда давом этишган.

«Сиз хато қарор қабул қилдингиз ва энди ирқчиликни рағбатлантиряпсизми? Жиддий айтаман, бу яхши иш эмас. Мен ўзим учун бошқа жойда футболка буюртма қиламан. Ўз ҳамёним орқали овоз бераман»

«Дизайнер, менежер, продюсер ва компаниядаги бошқалар, илтимос мактабга бошқатдан боринг ва замонавий жамиятда яхши инсон қандай бўлиши кераклигини ўрганинг. Ота-онангиздан ҳам сизларни қайтадан тарбиялашларини сўранг. Ўзи ёшларингиз нечада? 12 ёшли болалармисиз?»

«Сиз Хитой халқидан узр сўрашингиз керак! Японлар ҳар йили кўплаб акулаларни ўлдиришади, хитойликлар эса йўқ. Биз ит емаймиз, сизнинг дизайн эса расво!»

Бундай футболкаларни сотишни тўхтатишни сўраб, Хитойнинг Берлиндаги элчихонаси ҳам мурожаат қилган.

«Биз немис ҳамкорларимиздан компания ва сайт фаолиятини назорат қилишни ҳамда икки халқ орасидаги дўстона муносабатларни бузмасликка эътибор қаратишни сўраймиз», дейилган ушбу мурожаатда. 

Интернет фойдаланувчилари футболкаларни сотувдан олиб ташлаш сўралган петиция ҳам бошлашган.