Исроилнинг Mobileye компанияси акциядори Шмуэль Харлап компания Intel корпорацияси томондан харид қилингани маълум бўлгандан кейин миллиардерга айланди.

Шмуэль Харлап Фото Getty Images

IT-гигант Исроил компаниясининг ҳар бир акциясига 63,54 доллар тўлаган ва шу тариқа битим қиймати 15,3 млрд долларни ташкил қилган. Intel компанияни сотиб олиши эълон қилингандан кейин унинг акцияси 28 фоизга кўтарилиб, 60,62 долларни ташкил қилган. "Бу автомобиллар импорти соҳасида фаолият юритувчи ва Mobileye’га сармоя киритган Шмуэль Харлапни Исроилнинг янги миллиардерига айлантирди", деб ёзмоқда Forbes нашри.

Маълумотларга кўра,  Харлап компаниянинг 7,2 фоиз акциясига эгалик қилган ва 13 март кечки вақтда бу акциялар пакети 953 млн доллар турган. 2016 йилда у 3,6 млн та акция сотган, уларнинг қиймати солиқлар тўлангандан кейин 65 млн долларни ташкил қилган ва бу Харлапнинг бойлиги 1 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилганини англатади.

Компаниянинг икки асосчиси Зив Авирам ва Амнон Шашуа ҳам бу битим орқасидан бойиб кетдилар. Уларнинг ҳар бири компаниянинг тахминан 7 фоиздан акциясига эгалик қиладилар. Бу эса Шашуанинг акциялар пакети 780 млн долларни, Авирамники эса 740 млн долларни ташкил қилишини англатади.

Компания 1999 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳайдовчиларга фалокатларнинг олдини олишда ёрдам берувчи тизимлар ва ҳайдовчисиз автомобиллар учун дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан шуғулланади.