Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида тўй кортежи иштирокчилари тўппончалардан ўқ узганлари видеоси пайдо бўлди. 

Полициячиларнинг айтишларича, видеороликдаги воқеа 11 март куни Жанаўзен-Ақтау йўлида юз берган. Унда жанаўзенлик уч киши иштирок этган. "Lexus LX машинасидан ҳавога ўқ узган, Жанаўзенда яшовчи 1997 йилда туғилган шахсга нисбатан "Майда безорилик" ва "Аҳоли пунктларида ва махсус ажратилмаган жойларда ўқотар, газ қуролидан ўқ отиш" моддалари бўйича баённома тузилган. У 45380 тенге миқдоридаги жаримага тортилади", дейилган хабарда.

Қоидабузардан Stalker M906 русумидаги шовқин тўппончаси тортиб олинди. Шунингдек,  Lexus LX 570 эгаси, 1997 йилда туғилган шахс машинани қалбаки давлат рақамлари билан бошқаргани аниқланган. Унга нисбатан ҳам бир неча моддалар бўйича баённома тузилган. Қоидабузарга нисбатан 113 минг тенгелик жарима ундириш ёки транспорт воситасини бошқаришдан бир йилга маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Воқеанинг яна бир иштирокчиси, BMW автомобилини бошқарган 1993 йилда туғилган шахс "Тақиқланган жойларда орқага бурилиш ёки орқа билан юриш" моддаси бўйича жавобгарликка тортилди. Унга солинадиган умумий жарима миқдори 45 380 тенгени ташкил қилган.

Ушбу қоидабузарликлар бўйича материаллар Жанаўзен маъмурий судига кўриб чиқиш учун юборилган.