Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ерларидан унумли фойдаланиш айни пайтда долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.

Республика Бош вазири ўринбосари З.Т. Мирзаев раислигида 13 март куни ўтказилган селектор йиғилишида шу масалага катта эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 4 мартдаги “Деҳқон ҳўжаликлари ва аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан ишлаб чиқарилган Дастурда Республикамизнинг барча вилоятларида намунали туманлар ташкил этилиши белгиланган.

Жумладан, 2017 йилда Олтинкўл тумани аҳоли хонадонларида 100 бошдан парранда боқиш, лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар ташкил этиш, унаби ва грек ёнғоғи етиштириш бўйича намунали туманга айлантирилади. Ҳудуддаги 30 114 та хонадонларнинг 12 196 тасида парранда боқиш, 15 057 тасида эса 151 минг унаби ҳамда грек ёнғоғи кўчатлари экиш, деярли барча хонанонларда лимон кўчатлари парваришлаш лойиҳасини намунали амалга ошириш кўзда тутилган.

Андижон вилоят ҳокимлиги вакиллари МДҲ давлатлари бозорларини ўрганиб қайтдилар. Таҳлиллар пировардида, аҳоли хонадонларида мавжуд томорқалардан самарали фойдаланиш орқали экспортбоп маҳсулотларни етиштиришга фаол киришилди.

Туманда ушбу лойиҳа асосида жами 56 маҳаллага 1 тадан агрофирма ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади. Айни пайтда хонадонлар билан агрофирма ҳамда тижорат банклари ўртасида уч томонлама шартномалар тузилиб, кредит ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Олтинкўл туманидаги ташкилотлар, қишлоқ ва маҳалла фуқаролари йиғинлари, агрофирмалар, тижорат банклари ҳамда паррандачилик корхоналари раҳбарлари иштирок этган селектор йиғилишидан сўнг амалга оширилиши кўзда тутилган ишларни ташкил этиш бўйича тузилган аниқ режа ҳақида сўзлаб, вазифаларни белгилаб берди.

Элмурод Эрматов, Андижон.