УЕФАдаги манбалар маълумотига кўра, «ПСЖ» раҳбариятида ЕЧЛнинг чорак финали доирасида парижликлар жамоасининг «Барселона»га қарши ўйинида ишлаган германиялик ҳакам Дениз Айтекиннинг иши бўйича шикоятлар келтирилган норозилик протестини қабул қилиб олган. Бу ҳақда Marca хабар тарқатди.

«ПСЖ» томонидан тузилган ҳужжатда клубдагилар икки ўйиндан иборат қарама-қаршилик натижасига таъсир кўрсатган деб ҳисоблаган 7та эпизод келтирилган. Хабарда таъкидланишича, парижликлар клуби вакиллари бу протестни тузишда халқаро ҳакамлар билан маслаҳатлашган.

Испан гранди Парижда кечган биринчи баҳсда тўртта гол ўтказиб юборганди, Каталонияда бўлиб ўтган жавоб учрашувида эса мезбонлар 6:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга чиқди.

Францияликлар УЕФАга қуйидаги вазиятлар борасида эътироз билдиришган.

1. Хавьер Маскерано жарима майдони ичкарисида тўпни қўли билан ўйнагани учун ҳакам рақиб дарвозасига пенальти белгиламаган. Бу вазият биринчи бўлим вақтида, Юлиан Дракслер уни алдаб ўтиб, пас бермоқчи бўлганида рўй берган.

2. Пике ўйиннинг 41-дақиқасида Эдинсон Каванига қарши қўполлик учун иккинчи сариқ карточкани олиши керак эди.

3. Неймарга нисбатан қўполлик учун белгиланган пенальти. «ПСЖ»дагиларнинг фикрича, бразилиялик ҳужумчи ерда ётган Меньега атайлаб қоқилиб йиқилган.

4. Неймарга қизил карточка кўрсатилиши керак эди. Ўйинда ҳисоб 3:1 бўлиб турган вақтда Неймар Маркиньоснинг оёқларига зарба берган. «ПСЖ»дагилар бу ҳаракат қизил карточкага лойиқ эди деб ҳисоблашмоқда.

5. «ПСЖ»дагиларнинг қайд этишича, «Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес Вератти билан тўп учун курашда симуляция ишлатди ва рақиб жарима майдончаси ичида йиқилиб олди. Ўша вазиятда ҳакам Суаресга сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланган.

6. Ўйинда ҳисоб 3:1 бўлиб турган вақтда Пике тўпни қўли билан ўйнаган.78-дақиқада Анхель Ди Мария узатган тўп Пикенинг қўлига теккан, аммо ҳакам бу вазиятда ўйин қоидаси бузилганини қайд этмаган.

7. Хавьер Маскерано ўз жарима майдончаси ичида Анхель Ди Марияга нисбатан қўполлик ишлатган. Бунинг учун унга қизил карточка кўрсатилиб, дарвозага пенальти белгиланиши керак бўлган. Ҳакам бу вазиятни эътиборсиз қолдирди, ўйиндан сўнг Маскерано ҳамюртига нисбатан қоида бузганини тан олди.

8. Ўйинда ҳисоб 4:1 бўлиб турган вақтда меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилаш хато қарор эди. Парижликларнинг фикрича, бу уругвайлик футболчининг навбатдаги симуляцияси эди. Ундан олдинроқ уругвайлик футболчи сариқ карточка олган ва унга Маркиньос билан боғлиқ вазият учун қизил карточка кўрсатилиши керак эди.