Бир ҳафталик танаффусдан кейин бугун Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал жавоб учрашувлари давом эттирилади. 15 мартга ўтар кечаси 00:45да  Лестердаги «Кинг Пауэр» стадионида «Лестер» Крейг Шекспир расмий бош мураббийлиги давридаги илк учрашувда Хорхе Сампаоли бошчилигидаги «Севилья»ни қабул қилади. Tribuna.Uz куннинг энг интригаси юқори учрашувига батафсил тўхталади.

22 февраль куни Испанияда кечган дастлабки учрашувда «Севилья» Сарабия ва Коррейянинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Меҳмонларнинг ягона жавоб голига Жейми Варди муаллифлик қилган. Бу гол лестерликларга жуда катта ёрдам бериши мумкин.

Ўйин олдидан
Лестер


«Лестер» Испаниядаги мағлубиятдан кейин бош мураббийни алмаштирди.  Италиялик Клаудио Раньери истеъфога чиқарилиб, жавоб учрашуви бошланишидан икки кун аввал Крейг Шекспир расмий равишда бош мураббий сифатида таништирилди. Орадан уч ҳафта ўтган бўлишига қарамай, «Лестер»да кескин ўзгаришлар кузатилди. «Тулкилар» айнан Шекспир бошчилигида Премьер-лиганинг икки учрашуви — «Ливерпуль» ва «Ҳалл Сити»га қарши ўйинларда бир хил 3:1 ҳисобларида ғалаба қозонди. «Севилья»га қарши ўйингача жамоа 10 кун дам олди ва ўйинга етарлича тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлди.

Севилья


«Севилья» атрофида сўнгги кунларда яхши хабарлар тарқалмаяпти. Жамоа спорт директори Рамон Мончи «Рома» ёки «Реал»да худди шу лавозимда иш бошлаши гапирилмоқда.  Бош мураббий Хорхе Сампаолини матбуот аллақачон «Барселона»га жўнатиб бўлди. Бундан ташқари, жамоанинг натижалари ҳам яхши кўриниш олмаяпти. «Севилья» Испания чемпионатининг сўнгги икки учрашувида «Алавес» ва «Леганес»га қарши бир хил 1:1 ҳисобларида дуранг ўйнади. Бу жамоани чемпионлик учун курашдан деярли чиқариб юборди. Бошқа томондан олиб қарасак, 13 март куни Хорхе Сампаоли 57 ёшга тўлди. Андалусияликлар устозига муносиб совға қилиш учун ҳам бу учрашувни ўз фойдасига ҳал қилиши керак.

Йўқотишлар
«Лестер» таркибида Намфалис Менди аниқ майдонга туша олмайди. Унинг жароҳат жиддий. Шунингдек, Ислом Слиманининг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.

«Севилья»да эса яқин ўртада сафдан чиққан футболчилар йўқ. Хорхе Сампаоли анчадан буён Бенуа Тремулинас  ва Микаэл Крон-Дели хизматидан фойдалана олмай келмоқда. Бу сафар ҳам улар андалусияликларга ёрдам бера олишмайди.

Тахминий таркиблар:
«Лестер»:
1. Шмейхель, 28. Фукс, 5. Морган, 6. Хут, 17. Симпсон, 11. Олбрайтон, 4. Дринкуотер, 25. Ндиди, 26. Маҳрез, 9. Варди, 20. Оказаки
«Севилья»: 1. Рико, 3. Мариано, 24, Меркадо, 23. Рами, 18. Эскудеро, 8. Иборра, 15. Н'Зонзи, 17. Сарабия, 10. Насри, 20. Витоло, 16. Йоветич

Ўйин олди фикрлар
Крэйг Шекспир, «Лестер» бош мураббийи:

«Биринчи учрашувдан кейин, меҳмонда урилган гол бизга ажойиб имконият тақдим этишини билгандик. Биз ўзимизга муваффақият қозониш учун жуда қулай имконият яратиб олдик. Жамоада атмосфера жуда юқори. Умид қиламанки, жамоа сўнгги икки учрашувда қўлга киритган ғалабадаги ўйин ритмини сақлаб қолади. 

Бу дегани биз «Севилья»га қарши тўлиқ очиқ футбол кўрсатамиз дегани эмас, Уларда тажрибали ва юқори даражадаги футболчилар бор. Уларнинг ҳужумчилари ҳам қўрқишга арзигулик. Биз ҳаттоки пенальтилар сериясига ҳам тайёргарлик кўрдик. Ўйиндан олдин ҳар битта деталгача яхшилаб эътибор бериб чиқдик. Умид қиламанки, жамоамиз ўзига берилган имкониятдан тўлиқ фойдаланиб, кейинги босқичга чиқиш масаласини ижобий ҳал қилади.

Хорхе Сампаоли, «Севилья» бош мураббийи:

«Туғилган кунига энг муносиб совға, нафақат мен учун, клуб учун ҳам — бу ЕЧЛ чорак финалига йўлланма олиш. Бу тарихий имконият: клуб, футболчилар ва мухлислар учун ҳам. Бўлажак ўйин орқали кейинги босқичга чиқишимиз жуда муҳим. «Лестер» ўйинга жуда қаттиқ тайёргарлик билан чиқиши табиий. «Ливерпуль» ва «Ҳалл Сити»га қарши учрашувларда улар нимага қодир эканликларини кўрсата олишди. Ўша учрашувларда жамоа устунликка эга бўлди ва кўпроқ ўша чемпион бўлган ўтган мавсумдаги жамоага ўхшади».