Ушбу электрон савдо платформаси товар ишлаб чиқарувчилар, озиқ-овқат маҳсулотларини ички бозорда сотишга ва экспорт қилишга ёрдам беради. Лойиҳасининг дастури энг аввало кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг ташқи бозорларга чиқишини таъминлашдан иборат.

TRADE.AGROFAIR.UZ электрон ташқи савдо платформаси мамлакатнинг ҳар бир корхонаси хорижлик харидорлар учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифат ва техник параметрлари, таъминот шароитлари ва экспорт нархларини ўз ичига олган барча зарур маълумотларни жойлаштирувчи шахсий интернет саҳифаси хисобланади.

Шу билан бирга платформанинг функционал имкониятлари корхонанинг ҳар бир ходимига "шахсий кабинет" очишни кўзда тутади, бу экспорт шартномасини тузишда улгуржи сотиб олувчилар билан музокара олиб боришга йўл очади. 

Ушбу улкан электрон савдо майдончаси орқали бугунги кунга келиб мингдан ортиқ ишлаб чиқарувчилар регистрациядан ўтказилган ва улар ўз маҳсулотлари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни жойлаштиришмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг савдо маслаҳатчилари ҳам TRADE.AGROFAIR.UZ орқали фаолиятга жалб этилади, улар ўз навбатида потенциал мижозларни янги имкониятлардан хабардор қилиб туришади. Буларнинг барчаси бир бўлиб, ўзбек маҳсулотининг экспортига хориждан йирик харидорлар ва импортерлар жалб қилувчи ягона самарали механизмни шакллантириши кўзда тутилган. 

"Савдони рағбатлантириш" лойиҳаси Ўзбекистондаги инклюзив тараққиётни товарларнинг рақобатбардошлиги ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда уларнинг савдодаги иштирокини кенгайтириш йўли билан қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа экспертлари миллий қонунчиликнинг Бутунжаҳон савдо ташкилоти нормаларига мувофиқлиги таҳлилида ёрдам кўрсатишади.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК Матбуот хизмати.