Аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади

Ўзбекистон 14 Март 2017 18439
Фото: shutterstock.com

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйича инсон бир кунининг ўртача 3 соатини телевизор қаршисида ўтказишга сарфлайди.

Қайд этиш керакки, бу нисбатан камайган кўрсаткич. Чунки, кейинги пайтларда интернет оммалашиши билан “зангори экран” томошабинлари сони бирмунча қисқарди. Аммо бу интернет телевидениени бутунлай четга суриб қўйди, дегани эмас. Ахир телевидение орқали янгиликлар, турли кўрсатув ва шоулар, фильм ҳамда сериалларни кўришнинг ўзига хос завқи бор ва шу жиҳат доимо устунлик касб этиб туради. 

Албатта, ҳар бир кўрсатув ортида катта жараён, минглаб одамларнинг меҳнати ётади. Бугун соҳада томошабинлар сонини ошириш ҳамда аудиторияни кенгайтириш учун тасвир ва овоз узатишнинг янги технологиялари жорий этилмоқда, қўшимча қулайликлар яратиш устида тинимсиз меҳнат қилинмоқда. Ана шундай инновациялардан бири рақамли телевидение бўлиб, у айни пайтда юртимиз аҳолиси ҳаётидан ҳам чуқур ўрин эгаллаб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бўлим бошлиғи Сирожиддин Усмонов билан суҳбат мамлакатда айнан рақамли телевидениени ривожлантириш истиқболлари хусусида бўлди.

Рақамли телевидение пайдо бўлиши билан одамларда шундай савол туғила бошлади: унинг аналогли телевидениедан фарқи нимада?

— Фарқи жуда кўп. Аввало, бу тасвир сифатида кўзга яққол ташланади. Чунки тасвирни узатиш ҳамда қабул қилиш жараёнида рақамли қайта ишланиши янада юқори сифатга эришиш имконини беради. Илгари уйдаги телевизор жуда кам ҳолатларда аъло даражада кўрсатарди, экрандаги тасвирлар жимирлашиб, турли ташқи таъсирлар кузатиларди, тасвир тез-тез йўқолиб қолар эди. Янги шаклдаги телевидениеда эса ташқи таъсирлар сезиларли даражада камайиб, тасвирнинг равшанлигига эришилган. 

Буни товуш сифатида ҳам кўриш мумкин. Авваллари телевизорда товуш бирмунча ноаниқ чиқар, вижиллаб эшитиларди. Рақамли телевидениеда овоз стерео ёки 5.1. шаклида узатилиши билан ҳам устундир. Бугунги кундаги телевизорларга бешта оддий ва битта паст частотали овоз кучайтиргични улаб, уй кинотеатри муҳитини яратиш мумкин. 

Бундан ташқари, рақамли телевидениенинг жорий қилиниши бутун республика бўйлаб янада кўпроқ теледастурларни намойиш этиш имконини беради. Аналогли ТВда битта узаткич битта дастурни етказиб берарди. Табиийки, 12та дастурни узатиш учун 12та узаткич ўрнатиш керак бўларди. Бу эса радиочастота каналлари етишмаслиги сабабли имконсиз эди, қолаверса, катта харажат талаб қиларди. Рақамли телевидениеда битта узаткич 12 — 16та дастурни тарқата олади, бундан ташқари, мамлакатимиз миқёсида бундай тармоқни яратиш бирмунча осон ҳисобланади. 

Бошқа мамлакатларда рақамли телевидение қанчалик ривожланган?

— Телекўрсатувларни янги шаклда узатиш турли давлатларда муваффақиятли синовдан ўтказилган ва жорий қилинган. Мисол учун, Беларусда 2016 йилда рақамли телевидениега тўлиқ ўтилди, аналогли сигнал узатиш тўхтатилди. Қозоғистонда эса 2012 йилда бир қатор шаҳарларда рақамли эфир йўлга қўйилди. Литвада бу даврда DVB-T янги рақамли стандарт жорий қилинган, ўшандаёқ аналогли эфирдан воз кечилган. Россия эса 2018 йилда аналогли эфир узатишни тўлиқ тўхтатади. Бизнинг мутахассисларимиз ҳам Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда, -бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқишди.

Ҳаракатлар стратегиясининг алоҳида бандида рақамли телевидение учун асбоб-ускуналар ўрнатиш белгиланган. Унга ким хизмат кўрсатади? Ушбу ускуналар ташқи омилларга нечоғли чидамли? Дейлик, электр таъминоти узилиб қолса, қандай ишлайди?

— Мазкур ҳужжатга биноан, республикамиз ҳудудларида 66та юқори қувватли ва 328та камқувватли рақамли телевидение узаткичини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш белгиланган. Натижада мамлакат аҳолисини, шу жумладан, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади. 

Айтиш жоизки, замонавий асбоб-ускуналарга хизмат кўрсатиш техник ходимлар зиммасига юклатилади. Сигнал транспорт телекоммуникация тармоқлари орқали узатилади ва зарар етган ҳолларда, захира линиялар, албатта, ишга тушади. Яъни юқори қувватли рақамли телеузаткичлар ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам ишлашда давом этади. Агар тўсатдан чироқ ўчиб қоладиган бўлса, дизель генераторлар автоматик равишда ишга тушади. Камқувватли узаткичларга махсус хизмат кўрсатиш талаб этилмайди. Улар яқин атрофда жойлашган аҳоли пунктидаги электр қуввати тармоғига уланади. Камқувватли ускуналарга сигнал сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали етказиб берилади. Шунинг учун жудаям ноқулай об-ҳаво шароитида намойиш қилинаётган тасвир ва овоз сифатида ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Шаҳар-у қишлоқ аҳолиси қанча каналдан фойдаланиши мумкин бўлади? Рақамли ТВни кўриш учун қандай ускунага зарурат туғилади? 

— Юқорида қайд этилган жиҳозлар ўрнатилганидан сўнг фуқаролар рақамли телевидение билан тўлиқ қамраб олинади. Бугунги кунда 12та каналдан иборат очиқ тўплам мавжуд бўлиб, у изчил кўпайтириб борилаяпти. Бу тўпламдан республикамизнинг барча ҳудудида фойдаланиш мумкин бўлади.

2016 йил охирида DVB-T2 янги стандарти жорий қилиниши билан битта рақамли телеузаткич ёрдамида 16та теледастурни узатиш имконияти пайдо бўлди. Жорий йилда бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда айнан мана шундай камқувватли янги авлод узаткичлари ўрнатилади. Демак, олис туманлар аҳолиси 12та эмас, балки 16та дастур билан, яъни 12та давлат ва 4та нодавлат канали билан қамраб олинади. Шу ўринда DVB-T2 стандартида сигнал ташқи таъсирларга анча чидамли ҳисобланишини айтиш керак.

Очиқ тўпламлар бепул. Шунингдек, хориж телеканалларини кўриш имконияти ҳам мавжуд. Мазкур хизмат абонент тўлови асосида тақдим қилинади. Бугунги кунда “UzDigital TV” МЧЖ томонидан турли рақамли телевидение хизматлари кўрсатилмоқда. 

Замонавий телевизорларнинг аксарияти, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётганларида махсус рақамли тюнер ўрнатилган. Ушбу ускуна DVB-T2 стандартида ишлайди. Унга оддий антенна бўлса, бас. Эски авлод телевизорлари учун “Set-top-Box” тюнерини харид қилиш керак бўлади. У янги стандартдаги тўлқинни қабул қилади. Мазкур қурилмани “UzDigital TV” офисларидан олиш мумкин. Шу билан бирга, ушбу компаниянинг барча туман марказларида ваколатхоналари ва расмий дистрибьютерларини очиш мўлжалланмоқда. Уларда абонентларга зарурий маслаҳат ва хизматлар кўрсатилади.

Аналогли эфир яна қанча муддат намойиш этилади? Чунки ҳамманинг ҳам телевизори янги форматга мос эмас, тюнерлари ҳам йўқ.

— Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги тегишли қарори лойиҳаси тайёрланган. Ҳозирги кунда ушбу ҳужжат мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилмоқда, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилаяпти. Аналогли ретрансляторларни эфирга узатиш ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган махсус жадвал асосида тугатилади. Унгача аналогли телевидение рақамли телевидениега ўтказилади. Энг муҳими, бу жараён одамлар учун муаммо туғдирмайди. Ҳужжатда, шунингдек, кам таъминланган оилаларга рақамли тюнер ва бошқа қурилмаларни имтиёзли кредитлар асосида харид қилиш имкониятини яратиб бериш кўзда тутилаяпти.

Р. Алишеров суҳбатлашди.

Мутахассис маслаҳати:

Телевизор харид қилаётганда, DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнер бор-йўқлигига эътибор қаратиш лозим. Маҳсулотнинг техник тавсифида бу ҳақида батафсил ахборот берилган бўлади. Бундай телевизор рақамли телевидениега уланиш учун ортиқча қурилмаларни талаб қилмайди. Бугунги кунда мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилаётган аксарият телевизорларда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнерлар мавжуд.

Кун янгиликлари
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 46401 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 7239 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 18544 Ўзбекистон
Махсус сиртқи бўлимда ўқиш учун қабул қандай кечади?
Тожикистон 2020 йилда электр энергияси экспортидан 120 миллион доллар фойда қилмоқчи
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил сайёр қабулларни амалга ошириши режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда 2017 йилда қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишига 2,12 трлн сўм йўналтирилади
«Арсенал»ни сотиб олмоқчи бўлаётган миллиардер биринчи галда Венгерни ҳайдамоқчи
17:05 1498 Спорт
Чет тилини билиши тўғрисидаги сертификати борлар ушбу блокдан имтиҳонсиз ўтади
Мирзиёев Бекободдаги барча хонадонларни иситиш мосламалари билан таъминлашга кўрсатма берди
Кўпроқ янгиликлар