Ҳиндистоннинг Гужарот штати раҳбарияти мамлакат парламентига сигирларни сўйиш ва мол гўштини ташиш учун жазони қатъийлаштирувчи қонун лойиҳасини тақдим қилади. Қонун лойиҳасига кўра, ушбу қоидабузарликлар учун умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин, деб хабар бермоқда The Guardian нашри.

Ҳиндистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, ушбу қоидабузарликлар учун 7 йиллик қамоқ жазоси берилиши ва 50 минг рупийлик (615 доллар) жарима солиниши мумкин.

"Биз ушбу қонунни қатъийроқ қилмоқчимиз", деб айтган "Бхаратия Жаната" партияси аъзоси, Гужарот штати бош вазири Вижай Рупани.

Қонун лойиҳасида умрбод қамоқ жазосидан ташқари, мол гўшти ташилган транспорт воситасини мусодара қилиш ҳам кўзда тутилади.

Нашрнинг таъкидлашича, "Бхаратия Жаната" аъзолари раҳбарибўлган Ҳиндистоннинг бир қатор штатларида 2014 йилдаёқ бу қоидабузарликлар учун жазо қатъийлаштирилган. Ушбу партия етакчиси Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳисобланади.

The Guardian маълумотларига кўра, Ҳиндистоннинг 29 штатидан фақатгина 8 штатида мол гўшти истеъмол қилишга рухсат бор. Сигир индуизм динида муқаддас жонзот ҳисобланганига қарамасдан, мамлакат жанубидаги ҳиндлар ва мусулмонлар уни истеъмол қилишади. 

Ҳиндистоннинг аксарият аҳолиси (80 фоиздан кўпроғи) индуизмнинг турли оқимларига эътиқод қилади. 1,3 млрд кишидан иборат Ҳиндистон аҳолисининг 13,4 фоизи мусулмонларни, 2,5 фоизи насронийларни ташкил қилади.