Мексиканинг Халиско штати Окотлан шаҳри полициясининг барча ходимлари мажбурий равишда қўлга олиниб, қуролсизлантирилди. Бу ҳақда маҳаллий прокуратура ҳузуридаги полиция кучлари қўмондонлигига асосланган ҳолда Informador портали хабар қилмоқда. 

Окотлан полициясининг қуролсизлантирилишига уларнинг сафига жиноятчиларнинг кириб олганига доир гумонлар сабаб бўлган. Бироқ, ҳозирча, бу маълумот расман эълон қилингани йўқ. 

Прокуратура маълумотларига кўра, Окотландаги тартибни сақлаш вазифаси Халиско раҳбариятига бўйсунувчи полиция кучларига топширилган. 

Эндиликда, ҳибсдаги полициячилар Гвадалахарага олиб келинади ва бу ерда жиддий текширувлардан ўтишади. Текширув натижаларига кўра, уларнинг ишлаши ёки ишдан ҳайдалишига оид хулоса чиқарилади. 

2015 йил мартида Окотлан шаҳрида пухта тайёрланган жиноий гуруҳ аъзолари янги ташкил этилган Мексика жандармериясига ҳужум қилгани оқибатида 11 киши, шу жумладан 5 нафар жандарм ўлдирилган, 8 киши тан жароҳати олганди. Ҳукумат томонидан олиб борилган тергов натижаларига кўра, Окотлан полициясининг 4 нафар ходими қўлга олинган эди.