Наманганда тақиқланган ўйин иштирокчилари қўлга олинди

Жамият 15 Март 2017 24869

- Дадаси, анавилар яна келишди. Ярим кечаси дарвоза тақиллаганди, чиқиб қарасам, ўшалар экан, қўрқиб кетдим. Эринг қўлимизга тушса, кунини кўрсатамиз, дейишди.

Ҳасан (исмлар ўзгартирилди) ўзи шундоғам ухлай олмай, тонггача тўлғаниб чиққанди. Хотинининг каллаи саҳарлаб қўнғироқ қилишидан кўнгли бир увишиб кетди, гапларини эса юрагини баттар ғаш қилди. “Хайрият, хотиним, болаларимга жабр қилишмабди-ку” – Ҳасаннинг кўнглидан ана шундай ўй ўтди. Бироз таскин топгандек бўлди. Аммо уларнинг қўлидан ҳар бало келишини ҳис қилиб турарди, деб ёзади “Постда” газетаси.

- Бугуноқ бирор чорасини топаман, ўзингни, болаларни эҳтиёт қил, - деди хотинини тинчлантириб.

Ҳасаннинг хавотири ўринли эди. Чунки Ботир ва Илҳомнинг дағдағаси уни қўрқитиб қўйганди. Улар ўз уйига ёки бошқа хилват жойларга одам тўплашар, катта миқдорда пул тарқатиб, қимор ўйнатишарди. Ҳар бир ўйиндан “чўтал”, яъни қарзга берган пуллари эвазига улуш олишни ўзларига касб қилишган эди. 

...Ўша кунги ўйинда дастлаб Ҳасаннинг омади чопди. Кейин эса пулларининг барчасини ютқазиб, улардан яна қарз сўрашга мажбур бўлди. Ютаман деб ўйлаган эди, аммо олган қарзларини ҳам бой берди.

- Яна озроқ бериб туринглар, бу гал албатта ютаман, кўнглим сезяпти.

- Аввал олган икки ярим миллионингизни қайтаринг, кейин қарз берамиз, - дейишди улар.

Ҳасан ноилож уйига жўнади. Белгиланган муҳлат келса ҳам қарзини тўлай олмади. Энди Ботир билан Илҳом ҳар куни уйига келиб дағдаға қилар, қарзни бермасанг йўқ қилиб юборамиз, деб қўрқитишарди. Чорасиз қолган Ҳасан бирор йўлини топиш илинжида қишлоқдан шаҳарга йўл олди. Таниш-билишларидан қарз сўради. Лекин орадан икки-уч кун ўтди ҳамки, ҳеч қаердан пул тополмади. Бу орада хотини ҳар куни қўнғироқ қилар, Ботир ва Илҳом келганини, таҳдид қилиб кетганини айтарди. Ҳасан эса қимор ўйнагани учун ич-ичидан пушаймон бўлар, баъзан ўзидан ҳам нафратланиб кетарди...

Ҳасан оиласидан, болаларидан хавотир олиб шу куниёқ уйига жўнади. Ҳали бир пиёла чой ичишга ҳам улгурмаган эди, дарвоза тақиллади. Ташқарига чиқди-ю, ранги-қути ўчди.

- Пул топдингизми?!

- Топаман, бироз муҳлат беринглар, албатта, қайтараман.

- Энди бизни аҳмоқ қилолмайсиз, нима сизга ёш боламизми?! Ўйнаганингиздан кейин пулни ҳам тўлаб қўйинг-да!

Ботир шундай деб ҳовлида турган ёғочни қайта ишлаш дастгоҳининг ёнига келди.

- Мана буни олиб кетамиз.

- Агар шу билан тинчлансанглар мен розиман.

Ботир билан Илҳом дастгоҳни қисмларга ажратмоқчи бўлишди-ю, уддалай олишмади. Шундан сўнг Ботир асабийлаша бошлади. Ҳасаннинг ёқасидан ушлаб, пулларни топ, деб бақирди. Қўрқиб кетган Ҳасан бир силтаниб унинг қўлидан чиқди-ю, ошхона томонга югурди. Бир зумда қўлида ошпичоқ билан Ботирга яқинлашди.

- Уйимдан чиқиб кетинглар! Пулларингни қайтараман дедим-ку, яна нима керак?!

Унинг важоҳатини кўрган Ботир ва Илҳом ташқарига қочиб чиқди. Машинага ўтирар экан, муҳлатни яна бир кунга чўзишди.

- Эртагача. Бошқа баҳона ўтмайди, агар тополмасангиз ўзингиздан кўринг.

Ҳасан уйига кириб, хотинини тинчлантирди. Сўнг ташқарига чиқди, атрофга олазарак қаради. Ботир ва Илҳомнинг кетганига тўла ишонч ҳосил қилгач, ички ишлар идорасига йўл олди. Бўлган воқеаларни батафсил айтиб берди. Мурожаат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Эртаси куни Ботир қўнғироқ қилиб, пулларни сўради.

- Ҳозирча бир миллион топдим, - деди Ҳасан. – Бирор жойда кўришсак бериб юбораман, қолганини ҳам тез орада қайтараман.

- Мен бир иш билан юргандим, ёнингизга Мишани юбораман.

Ҳасан Ботир айтган жойга бориб, унинг ҳамтовоғини кута бошлади. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, Миша келди. Ҳасандан бир миллион пулни санаб олаётган пайтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди.

Жиноят кўчасидан топган пулларига кайфу сафо қилиб юрган Ботир ва Илҳом дастлаб қилмишини тан олмай турли баҳоналар топишга уриндилар. Аммо гувоҳлар ва бошқа ашёвий далиллар олдида чорасиз қолишди.

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 44188 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 61609 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 34093 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 19288 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 73680 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 59868 Жамият
Навоий вилоятида қўшмачи эркак қўлга олинди
16:45 626 Жамият
Маъмурий ислоҳотлар Концепцияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
«Made in Uzbekistan» бренди Тожикистон бозоридан Хитой маҳсулотларини сиқиб чиқармоқда
Араб коалицияси Ямандаги меҳмонхонага авиазарба берди
16:35 547 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар