15 март куни Нидерландияда бўлиб ўтаётган парламент сайловлари - диққат марказида Европа бўлган "улуғ жанг"нинг бошланиши бўлиши мумкин. El País'да шундай хабар берилди

Нидерландия парламентидаги 150 ўрин учун асосий кураш мамлакатнинг амалдаги бош вазири Марк Рюттенинг "Озодлик ва демократия халқ партияси" ва ягона Европа, иммиграция ҳамда исломга қарши Герт Вилдерснинг "Озодлик партияси" ўртасида кечади. 

Нашрда таъкидланишича, дунё ташвишларидан йироқ бу кичик мамлакат аҳолиси "популист-ксенофоб" Вилдерс кетидан халқаро кўламдаги фитналар орасида қолишдан қўрқади. Бундан ташқари, ҳолландлар овозларни ҳисобловчи электрон дастурларига Россиянинг аралашуви, шунингдек Трампга яқин кишиларнинг Вилдерсни молиялаштиргани ҳақидаги хабарлардан хавотирдалар, дейилади мақолада. 

Герт Вилдерс 24 соат давомида қўриқланади ва унга суиқасд уюштиришларидан қўрқиб, мунтазам равишда яшаш жойини ўзгартиради. "Озодлик партияси" етакчиси радикал қарашлар тарафдоридир. У мамлакатни "исломдан тозалаш"га ваъда бермоқда, яқинда эса Нидерландиядаги марокашликларни "жиноятчилар" деб атади. Вилдерс ўз мамлакатини евроҳудуддан олиб чиқиб кетмоқчи эканини тўғридан-тўғри маълум қилган. 

Нидерландияда овозларни қўлда ҳисоблашга қарор қилинди. Ҳукуматнинг бундай йўл тутишига камида 100 нафар маҳаллий амалдорнинг электрон почтасини бузиб киришга бўлган уринишлар ҳамда разведка хизматларининг Россия сайловлар натижасига таъсир ўтказишдан манфаатдор эканлигига оид гумонлари сабаб бўлди. 

Бундан ташқари, Нидерландия разведкасига кўра, Хитой ва Эрон томонидан амалга оширилган киберҳужумлар қайд этилган, уларнинг ҳам иқтисодий ва сиёсий жосусликдан манфаатдорлиги тахмин қилинган. 

Нидерландия хавфсизлик тизимлари устида иш олиб борган Рональд Прис бу мамлакатга уюштирилган ҳужум - шунчаки Франция ва Германиядаги сайловлардан олдинги "машқ" эканини айтган. 

"Диққат марказида Европа бўлган улуғ жанг бошланишига оз қолди", - деб ёзилади El País'да.