Швейцарияда автомобиль давлат рақами рекорд суммага харид қилинди. Хабарларга кўра, Вале кантонида ўтказилган ким ошди савдосида фуқаро 158 минг доллар (160 минг франк) эвазига ўзи хоҳлаган рақамни сотиб олди, деб ёзмоқда Local портали.

Кантон ҳокимияти маълумотларига кўра, бу сумма "барча тахминлардан ошиб тушган", чунки ушбу маблағ Швейцария тарихида транспорт воситаси давлат рақами учун тўланган энг йирик тўловдир. 

Ким ошди савдоси ташкилотчилари автомобиль давлат рақамларини бир ой муқаддам 15 февралда савдога қўйган эди. VS 1 рақами 17 кишининг эътиборини тортган, бу курашда Matrans лақабли мижоз ютиб чиққан. У Швейцариянинг аввалги рекордидан ўзган. Аввалроқ, номаълум харидор SG 1 рақами учун 133 минг доллар (135 минг франк) тўлаган.