Тошкент шаҳар ҳокимлигида 14 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида шаҳардаги мактаблар ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқувчилар давомати ва ўқув жараёни муҳокама қилинди.

Йиғилишда шунингдек, таълим муассаларида ташкил этилувчи фан, спорт ва бошқа йўналишдаги тўгараклар фаолиятини тўлиқ қайта кўриб чиқиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

"2016-2017 йилги ўқув йилида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқувчилар давоматини тўлиқ таъминлаш, 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қамраб олишни амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қўшма қарорга мувофиқ, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактаблар қошидаги тўгараклар фаолиятининг реал ҳолати ўрганиб чиқилади. 

Жорий йилнинг 1 апрелига қадар таълим муассасаларидаги тўгараклар ишини тубдан яхшилаш, уларнинг фаолиятига керакли ўзгартиришларни киритиш бўйича аниқ таклифлар тайёрланади.