ТАТУ (Тошкент ахборот технологиялари университети) қошидаги «Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш маркази» ўрнида «Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази» ташкил этилади.

Бу ҳақда президентнинг «Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида  белгилаб қўйилган.

Мазкур марказнинг асосий вазифалари сифатида иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқлари учун реал эҳтиёжларни ҳисобга олиб, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош, сифатли маҳаллий дастурий маҳсулотларни яратишга, энг аввало, ТАТУда таълим олаётган талабаларни кенг жалб этиш белгиланди.

Қарорга кўра, марказда иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари буюртмалари асосида бошқарув, ишлаб чиқариш, бизнес ва бошқа йўналишдаги жараёнларни автоматлаштиришни тизимли ва илмий таҳлил қилиш, уларнинг моделларини ҳамда алгоритмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш механизмлари яратилади.

Марказда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, ТАТУ талабалари, мутахассислари ва ёш илмий ходимларини миллий дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуаларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларига кенг жалб этиш, хорижий мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги илғор илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам катта эътибор қаратилади.

Қабул қилинган қарорнинг яна бир муҳим аҳамияти шундан иборатки, университет қошида Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда. Мазкур жамғарманинг маблағлари мобил алоқа хизматлари кўрсатадиган компаниялар томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловдан тушадиган маблағларнинг 1,0 фоиз миқдоридаги ажратмалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилиши кўзда тутилмоқда.

Жамғарма маблағларидан:

  • университет учун ўқув дарсликлар, илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, жумладан, хорижий адабиётларни харид қилиш, иқтидорли талабалар учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш ва «Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари» илмий журнали нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш;
  • университет ва марказнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини танлов асосида молиялаштириш, уларнинг илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш;
  • университетнинг иқтидорли талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий ходимларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, университетда дарс бериш ва марказда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш йўналишларида фойдаланилади.