Ўзбекистон Республикаси президентининг «Тошкент ахборот технологиялари университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Қарорнинг тўлиқ матни ЎзА сайтида жойлаштирилган. Унга кўра университетга ал-Хоразмий номи берилган. 

Муҳаммад ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларнинг илмий йўналишларида кўплаб қомусий асарлар яратган. Алгебра фанига асос солиб, фундаментал маълумотлар, трактатларни илмий баён этиш қоидаларини ишлаб чиққан. Буюк ватандошимизнинг илмий изланишлари, илмий-тадқиқот назариялари ва илмий хулосалари бутун жаҳон илму маърифат аҳли томонидан эътироф этилиб, дунё илм-фанининг бебаҳо мероси сифатида юксак қадрланиб келинади.

Бугунги кунда Тошкент ахборот технологиялари университети замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетнинг Самарқанд, Фарғона, Қарши, Урганч, Нукус филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Университет ва унинг филиалларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, почта алоқа технологиялари каби ўнлаб таълим йўналишлари бўйича ўн мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда.

Ёш авлодни улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросининг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди, шунингдек, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Университетда улуғ аллома номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш билан боғлиқ қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Қарорда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари билан таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам алоқасини таъминлаш, анъанавий тарзда республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиш, юртимиздаги етакчи илм-фан намояндалари иштирокида олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар билан учрашувлар ташкил этишга эътибор қаратиш, шунингдек, Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилган.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотларни яратиш борасида танлов ва олимпиадалар ўтказиш, математик моделлаштириш, алгоритмлаш, криптология, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникация ва телевизион технологиялари, ахборот хавфсизлиги йўналишларида замонавий ўқув адабиётларини тайёрлаш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш ҳамда талабалар, олимлар ва педагогларнинг ушбу ўқув адабиётларидан эркин фойдаланишлари учун уларни электрон ресурсларга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Айни вақтда қарор билан университетнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, университет қошидаги «Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш маркази» ўрнида «Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази»ни ташкил қилиш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Мазкур марказнинг асосий вазифалари сифатида иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқлари учун реал эҳтиёжларни ҳисобга олиб, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош, сифатли маҳаллий дастурий маҳсулотларни яратишга, энг аввало, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида таълим олаётган талабаларни кенг жалб этиш белгиланди.

Қарорга кўра, марказда иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари буюртмалари асосида бошқарув, ишлаб чиқариш, бизнес ва бошқа йўналишдаги жараёнларни автоматлаштиришни тизимли ва илмий таҳлил қилиш, уларнинг моделларини ҳамда алгоритмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш механизмлари яратилади.

Мамлакатимизда юқори технологияларга асосланган техник ва дастурий маҳсулотларни яратиш, импорт ўрнини босувчи қурилмаларни маҳаллийлаштириш ва экспортбоп қурилмаларни ишлаб чиқиш юзасидан фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади.

Марказда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари, мутахассислари ва ёш илмий ходимларини миллий дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуаларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларига кенг жалб этиш, хорижий мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги илғор илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам катта эътибор қаратилади.

Қабул қилинган қарорнинг яна бир муҳим аҳамияти шундан иборатки, Университет қошида Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилмоқда. Мазкур Жамғарманинг маблағлари мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган компаниялар томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловдан тушадиган маблағларнинг 1,0 фоиз миқдоридаги ажратмалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур Жамғарма маблағларидан қуйидаги йўналишларда фойдаланиш белгиланмоқда:

Университет учун ўқув дарсликлар, илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, жумладан, хорижий адабиётларни харид қилиш, иқтидорли талабалар учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш ва «Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари» илмий журнали нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш;
Университет ва Марказнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини танлов асосида молиялаштириш, уларнинг илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш;
Университетнинг иқтидорли талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий ходимларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, Университетда дарс бериш ва Марказда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш.

Қарор доирасида назарда тутилган барча тадбирлар мамлакатимизда иқтисодиётнинг инновацион тараққиётини таъминлашда, илм-фан ва кадрлар тайёрлашнинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фаннинг нуфузини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг шарафли меҳнатини қадрлаш, кадрлар интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, университетнинг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, унинг хорижий давлатлардаги нуфузини кўтариш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кўпроқ жалб қилишга кенг йўл очади.