Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги ПҚ–2777 сонли «Пул айланмасини янада яхшилаш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан қонунчиликка ўзгартишлар тўпламини ишлаб чиқди. Айни вақтда ҳужжат лойиҳаси Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида муҳокама учун жойлаштирилган. 

Биринчи навбатда, Солиқ кодекси, «Фермер хўжалиги тўғрисида», «Хусусий корхона тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида» ва «Хўжалик юритувчи субъектларда давлат назорати тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритиш белгиланган.

Ўзгаришлар, асосан, нақд ёки пластик картага савдо қилишда маҳсулот нархини сунъий равишда ошириш, назорат-касса аппаратларидан фойдаланиш, белгиланган тартибда талон ва чекларни бериш, нақд пул тушумини ўз вақтида тўлиқ ҳажмда инкассация қилиш бўйича қисқа муддатли текширишларни ўтказишга доирдир. 

Унга кўра, бу каби текширишларни ўтказииш учун Назорат органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг махсус рухсатномаси талаб этилмайди. Ҳудудий ёки тузилма солиқ бўлими раҳбарининг буйруғи асос бўла олади. Фақат буйруқда текширув мақсади, муддати ва текширувчиларнинг исм-шарифи кўрсатилган бўлиши керак. 

Лойиҳада нақд ва пластик карта орқали савдода икки хил нархга сотиш учун белгиланаётган энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдоридаги жарима маъмурий эмас, аксинча молиявий санкция деб эътироф этилади. Солиқ кодексининг 119-моддаси шундай банд билан тўлдирилади.