Вилоят ҳокимияти ва мутасадди раҳбарлар андижонликларнинг мурожаатига жавоб берди

Жамият 15 Март 2017 12426

Kun.uz таҳририятининг ижодий жамоаси Андижон вилоятига сафар уюштирган ва вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан турли мавзуларда суҳбатлашган эди. Бундан ташқари, таҳририятга андижонликлар томонидан йўлланган турли мурожаатлар ҳам ҳокимиятга тақдим этилган  ва уларнинг ижроси бўйича таҳририятнинг хабардор этилиши илтимос қилинган эди.

Андижон вилояти ҳокими билан очиқ суҳбат (Видео)

Таҳририятга Андижон вилояти ҳокимиятидан мазкур мурожаатларга жавоб мактуби келди. Ушбу мурожаатларнинг аксари вилоятда электр энергияси, табиий газ таъминоти, тоза ичимлик суви, шаҳар инфратузилмаси ва ички йўллар мавзусида эди. Қуйида ушбу масалаларга вилоят ҳокимлиги томонидан йўлланган жавоблар ҳавола этилади.

Тоза ичимлик суви масаласи бўйича

1. Мурожаатларнинг бирида Андижон вилояти, Жалақудуқ туманидаги айрим ҳудудларда тоза ичимлик суви ёмон экани, бунинг оқибатида маҳаллий фуқароларнинг буйрагига тош йиғилаётгани айтилади. Ушбу масалада ҳокимият берган жавоб қуйидагича бўлди:

“2017 йилда Давлат дастури асосида туманнинг Абдулабий ҚФЙ, Кўтарма МФЙда бир дона ер ости сув қудуғи ва 5 км сув тармоқлари ҳамда Тешиктош ҚФЙ Ҳақиқат, Деҳқонобод, Узун кўча МФЙда бир дона ер ости сув қудуғи, 8 км сув тармоғи, 11,0 километрли реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Туманнинг қолган МФЙларидаги ичимлик суви билан таъминланмаган аҳоли пунктлари 2014-2021 йиллар манзилли дастур асосида босқичма-босқич ичимлик суви билан таъминланади”.

2. Яна бир мурожаат вилоятнинг Жалақудуқ тумани, Жанубий Оламушук шаҳарчасидан келиб тушган. Унда айтилишича, ҳар бир маҳаллага биттадан грант (сув қувури) кавлаб туширилган, лекин улардан баъзида 2-3 кунлаб сув келмайди. Ушбу масала юзасидан тақдим этилган жавоб қуйидагича бўлди:

“Жалақудуқ тумани, Жанубий Оламушук ШФЙ, Навоий МФЙ, Гурунчмозор ва Шодлик кўчасида яшовчи аҳоли ичимлик сувини кундалик эҳтиёжлардан фойдаланиш учун ташиб, истеъмол қилаётгани аниқланди.

2010 йилда мазкур ҳудуддаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Жанубий Корея ҳамкорлигидаги “Бансук гроуп” қўшма корхонаси томонидан бир дона ичимлик сув қудуғи ва 1,75 км янги тармоқ қуриб, фойдаланишга топширилган. 2013-2014 йилларда Қатортол ҚФЙ, Достонобод МФЙ, Пахтачи ҳудудида жойлашган сув иншооти пудратчи “Уфқ-95” ХК томонидан мукаммал таъмирланган.

Ҳозирда, Жанубий Оламушук ШФЙ, Навоий МФЙ Гурунчмозор ва Шодлик кўчаларидаги кўп қаватли уйлар кириш қисмига ичимлик сув тармоғи тортилиб, кўча калонкалари ўрнатилди ва ичимлик суви жадвал асосида бир меъёрда етказиб берилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолини мунтазам ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қўшимча 100 м3 сув сақлагич ўрнатилиб, аҳоли ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 76 метр диаметри 159 мм.ли ҳамда 300 метр диаметри 76 мм.ли полиэтилен сув қувурлари олиб келинди ва сув тармоғини монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда”.

3. Худди шундай мазмундаги мурожаатда айтилишича, вилоятда жойлашган Бўз туманининг деярли 75-80 фоиз аҳолиси ичимлик сувини бир км. дан тортиб 4,5 километрлик масофадан ташиб келади. Ҳокимиятнинг бу борада берган жавоби:

“2017 йилда инвестиция маблағлари ҳисобидан, Бўз тумани, Юксалиш ҚФЙ, Янгиқишлоқ МФЙ ҳудудида 3,0 км. ичимлик сув тармоғи  ва 1 дона сув қудуғи қуриш ишлари олиб борилмоқда”.

4. Тоза ичимлик суви ҳақида юборилган мактублардан бирида шундай дейилади: “Избоскан тумани, Тўрткўл қишлоғи, Истиқлол маҳалласида 3 йилдан бери ишга тушмаган тоза ичимлик суви учун мўлжалланган минора қачон ишга туширилади?”. Ҳокимият тақдим этган жавоб:

“2017 йил 2-босқичда инвестиция маблағлари ҳисобидан Избоскан тумани, Тўрткўл ҚФЙ, Истиқлол МФЙ, ҳудудида 3,0 км ичимлик сув тармоқларини қуриш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда”.

5. Мурожаатларнинг бирида Булоқбоши туманидаги Андижон ШФЙда тоза ичимлик сувининг ҳар бир челаги 200 сўмдан сотилаётгани ҳақида айтилган. Бунга вилоят ҳокимияти ўз муносабатини билдирди:

“Булоқбоши тумани, Андижон ШФЙ ҳудудидаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2016-2018 йиллар мобайнида “Мундуз” сув олиш иншоотидан 14,0 км диаметри 600 мм.ли ичимлик сув тармоқлари қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда 4 км сув тармоғини қуриш ҳамда сув насосларини реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Қолган қурилиш-монтаж ишлари белгиланган режа жадвали аосида олиб борилмоқда”.

6. Тоза ичимлик суви борасида келган мурожаатларнинг бирида шундай дейилади: “Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани, Султонобод кишлоғида 30 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқда тоза ичимлик суви қарийб 20 йилдан бери йўқ. Бу муаммо қачон ҳал бўлади?”. Ҳокимият мутасаддиларининг жавоби:

“Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани, Султонобод ШФЙ ҳудудида яшовчи аҳолини ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 2015 йил “Технолог парвози” ХК томонидан “Кампироввод” сув омборидан 5.5 км. ичимлик суви тармоғи тортилган. Ҳозирда тармоқда носозликлар юзага келгани сабабли, таъминотда узилиш ҳолати вужудга келган. Мазкур носозликни бартараф этиш ишлари туман “Сувоқава” филиали томонидан амалга оширилмоқда. Аҳолига 2017 йил февраль ойи якунига қадар тоза ичимлик суви етказиб берилиши режалаштиримоқда”.

Табиий газ таъминоти масаласи бўйича

Андижон вилоятининг айрим ҳудудларида табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзасидан келган мурожаатларга ҳам вилоят ҳокимияти мутасаддилари атрофлича жавоб беришди.

1. Мурожаатлардан бирида шундай дейилади: “Пахтаобод туманида истиқомат қиламиз. Бизнинг хонадон туман марказида жойлашган, аммо табиий газ мавжуд эмас. Шу сабаб суюлтирилган газдан фойдаланамиз. Нега туман марказида табиий газ мавжуд эмас? Шикоят қилинганида: “Биз чегара ҳудудидамиз табиий газ ҳеч қачон бўлмайди”, дейишди. Бу гап қанчалик рост?

“Пахтаобод туманида жами истеъмолчилар сони 21599 нафар бўлиб, шундан табиий газдан фойдаланувчилар сони 10332 ва суюлтирилган газдан фойдаланувчи истеъмолчилар сони 11267 нафарни ташкил этади. Табиий газдан фойдаланувчи истеъмолчилар Маданият-1, Маданият-2 автоматик газ тақсимлаш шохобчалари (АГТШ) орқали табиий газ билан таъминланади.

Туман ҳудудидаги табиий газдан фойдаланувчи 10332 нафар истеъмолчига жорий йил бошидан бугунга қадар белгиланган фонд 6342,0 минг м3 ни ташкил қилиб, амалда истеъмолчиларга 6163,0 минг м3 табиий газ етказиб берилди. Бу эса истеъмолчилар 92,0 фоизга табиий газ билан таъминланаётганини кўрсатади.

Бундан ташқари, туман ҳудудидаги 11267 нафар суюлтирилган газдан фойдаланувчи истеъмолчи ўтган 2016 йил мобайнида шартнома асосида 4800 дона маиший газ баллонлари билан таъминланди. Шунингдек, суюлтирилган газдан фойдаланувчи истеъмолчиларга жорий йил бошидан 401,2 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди”.

2. Худди шундай маънодаги мурожаатлар вилоятнинг Андижон ва Избоскан туманида истиқомат қилувчи аҳолидан ҳам келиб тушган. Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари мазкур мурожаатларга ҳам атрофлича жавоб қайтаришган. Жумладан, Андижон тумани аҳолисини табиий газ билан таъминлаш бўйича қуйидагилар маълум қилинди:

“Андижон туманида жами истеъмолчилар сони 30060 нафар бўлиб, шундан табиий газдан фойдаланувчилар сони 14806 ва суюлтирилган газдан фойдаланувчи истеъмолчилар сони 15254 нафарни ташкил этади. Табиий газдан фойдаланувчи истеъмолчилар Асака, Куйган-ёр, Бўстон ҳамда Боғишамол автоматиик газ тақсимлаш шохобчалари (АГТШ) орқали табиий газ билан таъминланади.

Туман ҳудудидаги табиий газдан фойдаланувчи 14806 нафар истеъмолчига жорий йил бошидан бугунга қадар белгиланган фонд 5715,0 минг м3 ни ташкил қилиб, амалда истеъмолчиларга 4712,0 минг м3 табиий газ етказиб берилди. Бу эса истеъмолчилар 82,4 фоизга табиий газ билан таъминланаётганини кўрсатади.

Бундан ташқари, туман ҳудудидаги 15254 нафар суюлтирилган газдан фойдаланувчи истеъмолчи жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шартнома асосида 645 дона маиший газ баллонлари билан таъминланди. Шунингдек, ушбу истеъмолчиларга ўтган давр мобайнида 468,6 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди”.

Вилоятдаги таъмирталаб ички йўллар масаласи

Вилоятдаги ҳудудлар инфратузилмаси ва ички йўллари масаласи бўйича таҳририятга кўплаб мурожаатлар бўлди. Уларда, жумладан, йўлларнинг таъмирталаб бўлиб қолгани, ёғингарчилик вақтида эса юриб бўлмаслиги, бу юзасидан тегишли ташкилотларга бўлаётган мурожаатлар жавобсиз қолаётгани айтилган. Хусусан, “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг Бўз туманидан ўтувчи қисми 2013 йилдан буён таъмирталаб ҳолатда ётгани ва бу йўл қачон таъмирланиши ҳақида сўралади. Ҳокимият мутасаддилари бу саволга қуйидагича жавоб беришди:

“Бўз туманидаги А373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 385-405 км қисмида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. 2017 йил ажратилган маблағ доирасида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб, 6 км қисмини фойдаланишга топшириш режалаштирилди. Ҳозирда қўшимча келишув тузиш ва 1020 тонна битум маҳсулоти олиб келиш ишлари амалга оширилмоқда”.

Андижон вилоят ҳокимияти мутасаддиларининг берган маълумотига кўра, жорий йил ички хўжаликлараро йўлларни таъмирлаш ишлари 2017 йилга манзилли рўйхат шакллантирилган, таъмирлаш ишларини 2017 йил иккинчи ярим йилликда қўшимча ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Электр энергияси

Бугуннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлмиш электр энергияси масаласида ҳам Андижон вилоятининг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган фуқаролар мурожаат йўллашган. Ушбу мурожаатлар ҳам вилоят ҳокимлигига тақдим этилди. Мазкур масала юзасидан, ҳокимиятнинг тегишли мутасадди ташкилотлари қуйидагича маълумот беришди:

“Андижон вилояти ҳокимлиги билан келишилган чеклов графиги асосида электр энергияси етказиб берилиши назоратга олинди”.  

Kun.uz: Аввало, таҳририят билан ҳамкорлик қилгани ва андижонликлар томонидан йўлланган мурожаатларга жавоб бергани учун Андижон вилояти ҳокимияти ва вилоятдаги бошқа мутасадди ташкилот раҳбарларига раҳмат. Чунки, тан олиб айтиш лозимки, бошқа вилоятларга нисбатан Андижон вилояти ҳокимияти ва вилоятдаги бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари таҳририятимизга келиб тушган мурожаатларга эътибор қаратишди ва имкон қадар жавоб йўллашди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари ва халқ ўртасида мулоқотнинг янада эркинлаштириш тизими энди ишга тушган бўлиб, бу одамларда кўтаринки кайфият ва ўз ҳуқуқларини тўла билишга интилишни келтириб чиқармоқда. 

Аммо шу ўринда айтиб ўтмоқчимизки, Андижон вилояти ҳокимияти томонидан берилган мазкур жавоблар ҳисобот кўринишида бўлиб қолган. Яъни жонли, манзилли берилмаган. Чунки қоғозларга ёзилиб, юқорига узатиладиган ҳисоботлар билан, ўша муаммонинг ичида юрган одамларни қаноатлантириб бўлмайди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” моҳиятини чуқур англаш билан келажакда мўлжалланган режаларга, мақсадларга эришиш мумкин. Бугун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро олдида турган муҳим вазифадир.

Кун янгиликлари
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 72051 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 37411 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 21683 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 81643 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 62029 Жамият
Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс
01:13 1939 Lifestyle
Зидан ҳеч қандай музокараларсиз «Реал» билан шартномани узайтиради
00:53 1286 Спорт
Бразилияда бортида 70 киши бўлган паром чўкиб кетди
00:20 1094 Жаҳон
Германиядаги йўл-транспорт ҳодисасида 44 руминиялик жабрланди
00:17 465 Жаҳон
Шаҳзодалар Уильям ва Ҳарри “Юлдузли жанглар” фильмининг янги қисмида суратга тушишди
23:44 / 23.08.2017 813 Маданият
Кўпроқ янгиликлар