Россиянинг "Факел" волейбол клубининг 20 ёшли ҳужумчиси Александр Кимеров билан Самарадан Москвага парвоз олдидан нохуш воқеа юз берди. Клуб волейбол бўйича Россия чемпионатининг навбатдаги ўйинини ўтказиб ортига қайтаётган бўлган. 

"Факел" 11 март куни Новокуйбишевскда "Нова" клуби билан учрашиб, уни 0:3 ҳисобида мағлуб этган ва 12 март куни Самарадан Москвага учиши керак бўлган. Клуб ва мураббийлик штаби самолётда ўз жойларини эгаллаганларида, 213 сантиметрлик бўйга эга Кимеров ва стюардесса ўртасида кичик низо чиққан.

Кимеров унинг оёқлари олдидаги ўриндиққа тақалиб қолгани сабабли уни бошқа жойга ўтказишни илтимос қилган. Волейболчига бундай жойларнинг пули олдиндан тўланиши кераклиги айтилган. Кимеров бошқа йўловчи билан жой алмаштиришга келишиб олганига қарамасдан, стюардесса "оёқ тираб олиб", волейболчига жойини ўзгартиришга рухсат бермаган.

Шундай кейин Кимеров оёғини ўриндиқлар орасидаги йўлакка чиқариб олган ва шу тариқа хавфсизлик қоидаларини бузган. Рейс бу баҳс сабабли 40 дақиқа ушланиб қолган ва охир-оқибат аэропорт ходимлари чақиртирилиб, волейболчи самолётдан тушириб юборилган.

Волейболчи Москвага кейинги рейс билан етиб олган.

Таъкидланишича, Кимеров Россиянинг энг истеъдодли ёш волейболчилардан бири ҳисобланади.