Жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди. 

Ҳужжатга кўра, эндиликда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тез тиббий ёрдам станцияларига автотранспорт хизматини кўрсатиш “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси” давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Бу эса автотранспорт воситаларининг ҳар доим соз ҳолатда бўлишини ва керакли манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлашга хизмат қилади. Бу ҳақда Кун.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Айни вақтда кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимнинг транспорт паркини бойитиш учун давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан 1200 та тез тиббий ёрдам автомобили харид қилинадиган бўлди.