2017 йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Ўзбекистонга ташриф буюрган нуфузли делегациясига бошчилик қилаётган ЕТТБ Президенти Сума Чакрабарти билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва банк ўртасидаги тўлақонли, конструктив руҳдаги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни қайта тиклаш нуқтаи назаридан муносабатларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қоидаларини ҳамда мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар ва чуқур ўзгаришлар амалга оширишга йўналтирилган бошқа қарорларни ҳаётга татбиқ этишда ЕТТБ иштирокидан томонлар манфаатдор эканлиги таъкидланди.