Бугун Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган қабул маросим ўтказилди. Ўзбекистон мустақиллигини дунёда биринчи бўлиб Туркия 1991 йил 16 декабрда тан олган. 1992 йил 4 мартда эса икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган.

Маросимни ўзбек тилидаги маърузаси билан очган Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен Ўзбекистон мустақиллиги биринчи бўлиб тан олинишида алоҳида рамзий маъно борлигини, у ҳам бўлса, бир асрдан зиёд вақт мобайнида алоқа қилишдан маҳрум бўлган қардош ўзбек халқини соғиниш билан боғлиқлигини  таъкидлади. Туркиялик дипломат қардош Ўзбекистонда элчилик фаолиятини бошлаганидан мамнунлигини билдирди.

«Мен Туркия Республикаси дипломати сифатида ота юртимиз саналган Ўзбекистонда фаолият юритишни шараф деб биламан. Тили, дини ҳамда маданияти муштарак бўлган дўст ва қардош ўлкага элчи сифатида тайинланишим менга ифтихор бағишлайди. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи, Самарқанддаги Ҳазрати Хизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиши қардош мамлакатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифа очди. 2017 йил мамлакатларимиз ҳамкорлигида янада юксалиш йили бўлишига ишонаман. Умуман, қардош ўзбек заминидаги элчилик муҳлатим мобайнида дўстлигимизни бундан-да мустаҳкамлаш йўлида бор куч-ғайратимни ишга соламан. Зеро, Ўзбекистонга бир олам эзгу мақсадлар билан ташриф буюрганман», – деди туркиялик дипломат.

Қайд этиш керакки, Аҳмет Башар Шен икки ой давомида ўзбек тилини чуқур ўзлаштирган, у бугунги маросимда маърузани бошидан охиригача ўзбек тилида ўқиди. 

Бугунги маросимда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди. Бу эса Ўзбекистон-Туркия муносабатлари ҳар қачонгидан кўра илиқлигини кўрсатади. Зеро, Туркия элчихонаси уюштирган қабул маросимида Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг биринчи бор қатнашиши бўлди. 

«Ўзбек ва турк халқлари дин, тил, тарих ва маданий жиҳатдан бир-бирига жуда яқин. Туркия бугун улкан имкониятларга эга ва дунё миқёсида эътибор қозонган давлат саналади. Туркия кейинги пайтларда улкан муваффақиятларга эришди. 2023 йилда Туркия дунёнинг ривожланган давлатлари ўнталигига киритиш дастури ҳурматга лойиқ, албатта. Ўзбекистон ўзининг Стратегик ҳаракатлар дастурида Туркия билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери ўзаро 15 маротаба олий ва юқори даражадаги ташрифларнинг амалга ошгани ҳам ҳар икки томонда муносабатларни мустаҳкамлашга интилиш борлигини намоён этади», – деди бош вазир. 

Таъкидлаш жоизки, Туркиянинг Ўзбекистон билан алоқалари яхшиланиши нафақат икки мамлакат ёки минтақа, балки бутун дунёдаги кучлар мувозанатига  ўз таъсирини кўрсатади. Негаки, Туркия ҳам, Ўзбекистон ҳам  стратегик аҳамиятга эга, маданиятлар ва манфаатлар кесишган чорраҳада жойлашган.

Бош вазир Ўзбекистон Туркияга ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори сифатида қарашини, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг шу йил 26 февраль – 2 март кунлари Туркияга ташрифи ўзаро келишувларнинг мантиқий давоми бўлди. 

«Халқимизда бир нақл бор. Пойқадами қутлуғ келсин деган. Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифанинг очилиши Аҳмет Башар Шеннинг янги элчи этиб тайинланишига тўғри келди. Бу унинг қадами қутлуғ келганининг ифодасидир», деган Арипов. 

Эътироф этиш жоиз, қардошлик алоқаларини чуқурлаштириш учун асослар етарли. Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро имзоланган 90дан ошиқ ҳужжат, жумладан, Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим бунга пойдевор бўлади. 

Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга ташрифи арафасида Туркиянинг Ўзбекистон билан алоқаларида янги саҳифа очиш истагида эканини билдирган эди.

«Ўзбекистон билан алоқаларимизни икки қардош ўлкага ярашадиган бир савияга чиқаришни истаймиз. Бу жиҳатдан ўзбек қардошларимизда ҳам кучли бир ирода ва қатъият борлигини кўряпмиз», – деганди у.

Абдували Сайбназаров