Дональд Трамп маъмуриятининг 2018 молия йили учун тақдим этган бюджет лойиҳаси мудофаа харажатларини кескин оширишни ва халқаро ёрдам учун ажратиладиган маблағларни камайтиришни кўзда тутади. Ижтимоий дастурлар ва атроф-муҳит муҳофазаси учун маблағлар ҳам камайтирилади. Гарчи маъмурият бюджет лойиҳасини эълон қилмаган бўлса-да, Рейтер агентлиги уни ошкор этишга улгурди. 

Аввал хабар берилганидек, Трампнинг илк бюджети мудофаа мақсадларидаги харажатларни деярли 10 фоизга оширишни кўзда тутади. Бу рақамларда 54 млрд долларни ташкил этади. Шундан 52 миллиарди Пентагонга, қолгани бошқа вазирликларнинг мудофаа дастурларига ажратилади. 

Бундан аввал, мудофаа бюджети 522 млрд долларни (янги режага кўра, 576 млрд) ташкил этиши керак эди. Айтиш жоизки, Конгрессдаги республикачиларни бу маблағ ҳам қониқтирмаяпти. Хусусан, Сенатнинг қуролли кучлари қўмитаси раҳбари Жон Маккейн йилига 640 млрд доллар ажратишни таклиф қилмоқда. 

Янги бюджет лойиҳаси терроризмга қарши кураш, янги ҳарбий кемалар қуриш ва ҲҲК учун янги F-35 самолётларини харид қилишни кўзда тутади. 

Ички хавфсизлик вазирлиги бюджети ҳам қарийб 7 фоизга оширилган. Мексика билан чегарада девор қуриш учун бу йилнинг ўзида 1,5 млрд доллар ажратилади. Келаси йилга бу рақам 2,6 миллиард долларни ташкил этиши керак. 

Шу билан бирга, келаси йилги бюджет лойиҳасида давлат департаменти харажатларини 28 фоизга қисқартириш режалаштирилган. Бу ҳақда Оқ уй маъмурияти маъмурий-бюджет бошқармаси раҳбари Мик Малвейни маълум қилган.

Агентликка кўра, АҚШ давлат департаменти ва АҚШ халқаро ривожланиш агентлигига атиги 25,6 млрд доллар ажратилади. Бу аввалги йилдан 10 млрд доллар кам демакдир. 

Бундан ташқари, БМТ, иқлим ўзгаришларига қарши кураш ва маданий дастурларга ҳам кам маблағ ажратилади. Шунинг баробарида хорижда, жумладан Афғонистон, Ироқ ва Сурияда кутилмаган харажатлар эҳтимолига 12 млрд доллар сақланади. 

АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (ЕРА) бюджети қарийб учдан бирга қисқартирилади. Вазирлик ишчиларининг 19 фоизи ёки 3 минг нафардан ортиғини ишдан бўшатиш белгиланмоқда. 

Булардан ташқари, меҳнат, таълим, шаҳарсозлик вазирликлари ҳам кескин тежаш қурбони бўлади. Трамп уларнинг ҳар бирида ўнлаб дастурларни бекор қилишни режалаштирмоқда. АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги бюджети эса 21 фоизга қисқартирилади. Обама маъмуриятининг ҳавога ис газини чиқаришни камайтириш дастури ҳам молиялаштирилмайди. 

Оқ уй маъмурияти маъмурий-бюджет бошқармаси раҳбари Мик Малвейнининг баёнот беришича, мамлакатнинг 2018 молия йилидаги давлат бюджети лойиҳаси камомад миқдорини 488 млрд доллар миқдорида сақлаб қолишни кўзда тутади. 

«Ҳимояга кўпроқ пул бўлади — бу 54 млрд доллар. Чегарани қўриқлаш ва умуман хавфсизликка кўпроқ маблағ ажратилади. Буларнинг бари аввал тахмин қилинган 488 млрд доллар миқдоридаги дефицитга қўшилмасдан амалга оширилади», — деган Малвейни.

Унинг таъкидлашича, бюджетнинг янги лойиҳаси «юмшоқ куч»га эмас, «қудратли куч» қоидасига асосланади.

«Биз иттифоқчиларимиз ва салоҳиятли рақибларимизга ишора қилаяпмизки, янги маъмурият жиддий кучга таянади», — деган бошқарма раҳбари.