Яман аҳолисининг деярли учдан икки қисми очарчиликни бошдан кечирмоқда ва шошилинч ёрдамга муҳтождир. Мамлакатнинг 17 млн фуқаросига ўткир озиқ-овқат танқислиги хавф солмоқда, дейилмоқда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Жаҳон озиқ-овқат ташкилотининг қўшма баёнотида.   

Яманда ҳукумат ва исёнчилар ўртасидаги ихтилоф 2014 йилдан бери давом этиб келмоқда.

"17 млн одам озиқ-овқат хавфсизлигининг "фавқулодда" ёки "инқирозли" босқичида эканлигини ҳисобга олиб, Яман айни вақтда дунёда очарчиликнинг энг катта ўчоқларидан бирига айланган, бу ерда 2016 йил июнидан оч қолаётганлар миқдори 21 фоизга ошган", дейилди хабарда. 

Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, Яман аҳолисининг чорак  қисми яшайдиган Таиз ва Ал-Худайдо вилоятлари қўшимча гуманитар ёрдамсиз очарчилик исканжасига тушиши мумкин. Қуролли ихтилоф озиқ-овқат хавфсизлиги ва яшаш учун зарур воситаларга  вайронакор таъсир кўрсатмоқда. 

"22 та вилоятдан 20 таси озиқ-овқат хавфсизлигининг "фавқулодда" ёки "инқирозли" босқичида турибди ва аҳолининг учдан икки қисми очарчиликни бошдан кечирмоқда ва ҳаётларни сақлаб қолиш учун шошилинч ёрдам ҳамда воситаларга муҳтожлар", дейилган баёнотда.