Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба чеккасида жойлашган чиқинди полигонида чиқинди уюмларининг қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 113 нафарга етди. Бу ҳақда AFP ахборот агентлиги хабар бермоқда

Аввалроқ 82 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Чиқинди уюми остидан жасадлар чиқариб олиниши билан бирга ижтимоий таранглик ошмоқда. Полигоннинг ўзида бедарак йўқолганлар яқинлари ва қутқарувчилар ўртасида бир неча марталаб тартибсизликлар ва тўқнашувлар юз берди. Одамлар ҳукуматни ҳаракатсизликда ва етарлича ёрдам йўқлигида айбламоқдалар. Таъкидланишича, воқеа жойида бор-йўғи 2-3 та бульдозер ишламоқда, маҳаллий аҳоли эса ўз яқинларини мустақил равишда топишга ҳаракат қилмоқда.

Фожиа юз берган Коше чиқиндихонаси 50 йилдан кўпроқ мавжуд бўлган. У бир неча йил аввал расман ёпилган. Чиқиндилар учун мўлжалланган янги полигон қўшни туманда барпо этилган, бироқ у ерда яшовчи фермерлар унга олиб борувчи йўлларни тўсиб, полигонга чиқинди ташлашларни чеклаб қўйишган. Оқибатда бир неча ой аввал чиқинди ташувчи машиналар чиқиндиларни яна Коше чиқиндихонасига ташлашни бошлаган. Эски полигонда уйлар қуриб, чиқиндиларни тўплаш ва саралаш билан шуғулланган бир неча юзлаб кишилар яшаган. Чиқинди уюми кўчкиси шу уйларни ва уларда яшовчи одамларни босиб қолган.

15 март куни Эфиопияда фожиа қурбонлари хотирасига 3 кунлик мотам эълон қилинди. Қутқарув операцияси давомида 40 га яқин кишини қутқариб қолишга муваффақ бўлинган.