15 март куни Москва вилоятида ўз номидаги академияни очган, афсонавий америкалик боксчи Флойд Мейвезер 16 март куни Чеченистон пойтахти Грознийда бўлди ва "Ахмат" жанг клубига ташриф буюрди.

Боксчи Москвада бир кун бўлиб, Жуковкадаги академиясида россиялик боксчиларга мастер-класс берган. Боксчи Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров таклифига кўра Москвадан Грознийга йўл олган. Мейвезер "Ахмат" клубига ташриф буюришдан олдин республика раҳбарияти билан тушлик қилган.

Шунингдек, меҳмон учун Рамзан Қодировнинг фарзандлари кўргазмали жанг ўтказишган. Боксчи уларни муносиб баҳолаган.

Тушликдан кейин боксчи иштирокидаги делегация "Ахмат" клубига йўл олган. Бу ерда америкалик учун экскурсия уюштирилган. Унга машғулот жараёни ва қўлга киритилган унвонлар намойиш қилинган. Жаҳон спорти афсонасига айланган боксчи бундай қабулдан кейин "Ахмат – куч" ("Ахмат — сила") деган иборани ёдлаб олган.

Таъкидлаш жоизки, Мейвезер Москвада берган матбуот-анжуманида UFC чемпиони Конор Макгрегор билан жорий йилда жанг ўтказишга тайёрлигини яна бир маротаба айтиб ўтган. Боксчи меҳмонхонага қайтгач эса унга тайёрлаб қўйилган "сюрприз"ни кўрган: хонада боксчини икки йилдан бери унинг қарамоғида бўлган иккита йўлбарс кутиб турган эди.