Тошкентда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини камералар ёрдамида қайд этиш тизими ишга туширилди, бу пойтахтнинг марказий қисмида кўп сонли тирбандликлар келиб чиқишига сабаб бўлди, деб ёзади Спутник нашри.

Мухбирлар пойтахтнинг энг серқатнов кўчаларида бўлиб, ҳайдовчиларнинг ЙҲҚга амал қилиш бўйича муносабати ўзгаргани билан қизиқишди. Кузатувларга кўра, бу дарров амалга ошди дейиш мушкул, бироқ вазият яхшилана бошлагани аниқ.

Кўпчилик ҳайдовчилар эндиликда светофордаги ёниб турган яшил ёки сариқ чироқдан катта тезликда ўтиб кетишга ҳаракат қилишмаяпти. Светофорларда орқада турган авто ҳайдовчиларининг сариқ чироқ ёниши билан тинимсиз сигнал беришлари ҳам аста-секин ортда қолмоқда.

Кўплаб ҳайдовчилар тўхташ чизиғига етмай машинани тўхтатишга алоҳида эътибор бера бошлади. Биз икки кун ичида шаҳар марказида айланиб юриб, шунинг гувоҳига айландикки, стоп-чизиқдан ўтиб кетган тахминан 20 машина учради, холос. Шу билан бирга, сурбетлик билан қоидани бузишда давом этганлар, қарама-қарши йўлдан тўхтаб турган машиналарни айланиб ўтаётганлар ва ўзлари истаган ердан бурилаётганлар ҳам учради. Афтидан, бу кишилар камералар ишга туширилганидан бехабар қолишган. Шуниси қизиқки, ҳайдовчиларнинг ўта эҳтиёткорлиги шаҳар марказида катта тирбандликларни келтириб чиқарди. Айниқса бу Марказ-5, “Панорама” кинотеатри, “Бунёдкор” стадиони, Шуҳрат ва “Минор” метроси чорраҳаси, “Пойтахт” бизнес-маркази ёнида жуда кўп кузатилди.

Сабаби оддий – ҳайдовчилар шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш тезлигини пасайтиришди, шунингдек светофорнинг сариқ ва қизил чироқларидан ўтиб кетиш ҳолатлари камайди, бу умумий трафикни бироз тўхтатди, бироқ уни хавфсиз қилди.

Бугун тизим ишлашининг биринчи куни ҳам пойтахт йўл хизмати ҳодимлари йўлларга белгилар чизишда давом этишди. Масалан, ЙҲХББ инспекторлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ёнидаги йўлни маълум муддатга ёпиб қўйишди. Пойтахт йўлларидаги хавфсизликка йўналтирилган бу жараён тезроқ самара беришини кутиб қолган бўлардик.