Андижон вилояти, Марҳамат туманида ўтказилаётган “Профилактика куни” тадбирларида туман ҳокимлиги, ИИБ, прокуратура, маҳалла, “Камолот” ЁИҲ, ДСИ, нуронийлар, имом хатиблар, таълим муассасалари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакилларидан тузилган 22 та гуруҳ иш олиб бормоқда. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ташкил этилаётган тадбир жараёни туман ҳокимлигининг мажлислар залидаги йўриқномадан бошланади. Бу ҳақда Марҳамат туман ИИБ ҲООБ гуруҳи катта инспектори Улуғбек Тўҳташев Kun.uz’га хабар бермоқда.  

16 март куни ўтказилган режалаштириш мажлисида туман ҳокими Х. Султонов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи М. Нишанов ҳамда туман прокурори М. Аҳмаджоновлар томонидан   барча ҳудуд ва маҳаллаларда иш олиб борувчи  гуруҳ аъзоларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Марҳамат қурилиш ва  индустрия касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган йиғилишда туман мутасаддилари 6 нафар мунтазам дарсларга  қатнашмаётган ўқувчи ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказдилар. Гуруҳлар томонидан таълим муассасалари ва маҳаллаларда аҳоли билан фирибгарлик, ўғирлик, оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларни олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар амалга оширилди. 

Тадбир давомида 1052 та хонадонда мулоқотлар, 1387 нафар фуқаролар билан профилактик суҳбат ўтказилди. 52 нафар узоқ муддатга кетганлар, 26 нафар узоқ муддатдан келганлар аниқланди, ҳуқуқбузарлик содир этган 31 нафар фуқароларга, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан олиб борилган тадбирларда 24 нафар қоидабузар ҳайдовчига маъмурий баённома тузилди.