Афғонистон Энергетика ва сув таъминоти вазирлиги маълум қилдики, CASA-1000 минтақавий лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари 2018 йилда бошланади. Afghanistan.ru нашри хабарига кўра, 1 йил ичида зарур қурилиш материаллари харид қилиниши керак.

«Толо» телеканали маълумотига кўра, Афғонистон вилоятларидаги қурилиш ишлари харажатлари лойиҳанинг бошқа иштирокчилари Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон томонидан қопланади.

Қирғизистон ва Тожикистонда мавжуд гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр қувватини Жанубий Осиёга узатиш учун 1200 километрлик янги электр узатиш тармоғини қуришни кўзда тутадиган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1,17 миллиард долларга ҳисобланган. Ушбу лойиҳани  Жаҳон банки, Ислом Тараққиёт банки, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), АҚШ Давлат департаменти, Буюк Британия Халқаро ҳамкорлик вазирлиги (DFID) ва Австралия Халқаро Тараққиёт агентлиги (AusAID) молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Аввалига бу лойиҳа орқали жанубга узатиладиган электр энергиясининг бир қисмини Афғонистон ҳам сотиб олиши кўзда тутилганди, аммо кейинроқ ҳукумат буни рад этди ва бу давлат фақат транзит давлат функциясини бажарувчи бўлиб қолди. Афғонистон бунинг учун ҳар йили 50 миллион доллар даромад олади.

CASA-1000 лойиҳаси амалга оширилиши Тожикистонда Роғун ГЭСи, Қирғизистонда эса Қамбарота 1 ГЭСи қурилиши билан узвий боғлиқ эди.

Тожикистонда ўтган йилнинг октябрида Роғун ГЭСининг дунёдаги энг йирик сув тўғони (335 метр) қурилиши бошланганди. Тўғон қурилишининг бошланиши ҳамда Вахш дарёси ўзани тўсилишини мамлакат президенти Эмомали Раҳмон, ҳукумат аъзолари ва парламентарийлар кузатиб турган, ҳатто президент бульдозерга чиқиб, бу қурилишда қатнашганди.

Бунгача Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи қурилишига ҳам, CASA-1000 лойиҳасига ҳам қарши бўлган.