15 март куни Нидерландияда ўтган парламент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинди. 

Сайловларда мамлакат бош вазири Марка Рюттенинг "Озодлик ва демократия учун халқ партияси" (VVD) етакчилик қилмоқда ва парламентдаги 150 та ўриндан 32 та ўринни олади. Бироқ бу натижа бош вазир учун ўзига хос мағлубият саналиши мумкин, чунки аввалги парламент сайловларида унинг партияси 41 та ўрин олганди. 

Сайловларда муҳожирлар ва ягона Европа Иттифоқи учун қарши чиқаётган "Озодлик партияси" етакчи бўла олмади. У парламентда фақатгина 19  та ўринга даъвогарлик қилиши мумкин. Худди шундай натижага яна 3 та партия эришди.

Сайловлар Европа етакчилари томонидан синчковлик билан кузатилди ва улар Рюттени ғалаба билан қутлашди ҳамда Европа Иттифоқига шубҳа билдираётганларнинг мағлубиятидан қувонаётганларини яширишмади.

Сайловлардаги давомат 81 фоизни ташкил қилган ва бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги рекорд натижа бўлди.

Нидерландия парламенти қуйи палатаси 4 йилга сайланади ва 150 та ўриндан иборат. Айнан қуйи палата қонунчилик ташаббуси билдириш ва қонунларга ўзгаришлар киритиш ҳуқуқига эга. Мамлакат ҳукумати парламентдаги кўпчилик асосида шакллантирилади. 
Партиялардан бирортаси мутлақ кўпчиликни (76 ўрин) ташкил қила олмагани сабаб улар етакчи коалицияга бирлашишлари керак бўлади.