Норвег денгизи Стадхавет қадимдан кемалар қатнови учун энг хавфли ҳудудлардан ҳисобланган. Ўз даврида викинглар бу хавфли сувлардан сузиб ўтмаслик учун уни айланиб ўтишни ёки ўз қайиқларини қуруқлик орқали олиб ўтишни афзал кўрганлар. Стадхавет денгизида йилига камида 100 кун бўронлар ҳукм суради ва у кўплаб кемалалар ва уларнинг жамоаларига катта хавф солади. Бу денгизга тушмасликка имкон берадиган, кемачиликда илк туннел қуриш ғояси 20-асрнинг 70-йилларидаёқ пайдо бўлган, бироқ буни амалга ошириш мумкин бўлган технологик даражага эндигина эришилди.

Туннел Stad Ship Tunnel деб номланди ва у ҳар куни Стадхавет денгизи орқали 70-120 кемага хавфсиз кечиш имконини беради. Туннел лойиҳасини яратишни бошлашга Snohetta архитектура компанияси жалб этилди ва унинг рассом ва дизайнерлари лойиҳанинг дастлабки нархи ва туннел қандай кўринишга эга бўлишини намойиш қилувчи бир нечта суратлар яратишди.

Туннелнинг шимолий қириш қисми Селье шаҳри, жанубий кириш қисми эса Молде шаҳри яқинида жойлашади. Туннелнинг жанубий қисмида кўприк қурилади ва барча хоҳловчилар ундан туннелга кираётган ва ундан чиқаётган кемаларни томоша қилишлари мумкин бўлади. Харитада туннел сариқ чизиқ билан белгиланган, узуқ чизиқлар билан эса кемалар ҳозирда сузиб ўтадиган йўналишлар белгиланган.

Норвегия парламенти туннел қурилишини бошлаш учун бир миллиард норвег крони (118 млн доллар) ажратди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қурилишнинг умумий бюджети 2,3 миллиард норвег кронини (272 млн доллар) ташкил қилади. Агар лойиҳа муаллифлари белгиланган муддатда туннелни барпо эта олсалар, унда Норвегия тез орада катта диққатга сазовор жойга эга бўлади. Қурилиш раҳбари Терье Андриссеннинг айтишича, туннел лойиҳаси инсоннинг табиатга қўпол аралашуви бўлмайди. У максимал чиройли кўринишга эга бўлади ва атроф ландшафт билан уйғунлашиб кетади.

Андриссеннинг айтишича, туннел қурилиши 2019 йилда бошланади.