Россиянинг Олтой ўлкаси прокуратураси Toyota Land Cruiser 200 ва Lexus 570 автомобилларини 5 килограмм афғон героинига алмаштириб юбормоқчи бўлган икки нафар эркакка нисбатан айблов хулосасини тасдиқлади. Улар Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан 2016 йилда қўлга олинган, дейилади прокуратура сайтида.

Терговга кўра, 2016 йилнинг апрель-май ойларида айбланувчилар Олтой ўлкасида олиб қочилган деб ҳисобланувчи хорижий машиналарни реал нархидан икки баробар арзонроққа топиш ва сотиб олишга ҳаракат қилишган. Якунда улар Toyota Land Сruiser 200 ва Lexus 570’ни топишди ҳамда машиналарни Россиядан қимматроққа сотиш мақсадида олиб чиқиб кетишни режалаштиришган.

Бироқ улар транспорт воситасига тўловни пул ёрдамида амалга оширмоқчи бўлишмаган – автомобиллар эвазига 5 кг героинни таклиф этишди. Гиёҳванд модданинг умумий қиймати 6 млн рублдан кўпроқни ташкил этган.

Айбланувчилар героинни беришганидан сўнг Россия ФХХнинг Олтой ўлкаси бўйича тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди. Улар 15 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Аввалроқ айбловлар Ўзбекистондан бўлган 22 ёшли йигит ва 46 ёшли россияликка қўйилгани хабар қилинганди.