Бугун, 16 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт тизимида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан биридир" мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Тадбирда қатнашган "Кун.uz" мухбирининг маълум қилишича, унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, тегишли бошқарма раҳбарлари, "Дори-дармон" акциядорлик компанияси, "Ўзфармсаноат" давлат акциядорлик концерни ва Тошкент давлат фармацевтика институти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди. 

Фото: Kun.uz

Мазкур матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилнинг 31 октябридаги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори амалиётга қандай жорий этилаётгани, кўзда тутилган вазифалар ижроси ва халқ учун яратилаётган қулайликлар ҳақида сўз борди. 

Шунингдек ушбу қарор билан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 343 номдаги дори воситалари, шу жумладан 98 номдаги маҳаллий ва 201 номдаги чет эл дори воситалари, 44 номдаги тиббий буюмлар, жумладан 18 маҳаллий ва 26 номдаги чет эл тиббий буюмлари рўйхати тасдиқлангани қайд этилди. 

Матбуот анжуманида Ўзбекистонда маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани таъкидланди. Хусусан, истиқлолнинг дастлабки йилларида атиги икки корхона томонидан 30 га яқин дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 146 фармацевтик корхонаси томонидан 2200 дан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида, хусусан жорий йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларда бу тўғрисида бир неча бор тўхталиб, аҳолини арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш вақти келганини бот-бот таъкидлаган эди. Шу мақсадда қабул қилинган мазкур қарор аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини кенг тарқалган касалликларни даволашда қўлланиладиган юқори самарадорликка эга сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашга қаратилган. 

Фото: Kun.uz