АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон маълум қилдики, КХДР ва унинг халқи Қўшма штатлардан ҳамда минтақадаги бошқа қўшни мамлакатлардан қўрқмаслиги керак. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар тарқатган.

У бу ҳақда Япония ТИВ раҳбари Фумио Кисида билан учрашув вақтида айтиб ўтган.

«Шимолий Корея ва унинг халқи АҚШдан ва бошқа қўшни мамлакатлардан қўрқмаслиги керак», — деган Тиллерсон.

Ўз навбатида Кисида АҚШ Давлат котибининг Японияга келиши Япония ва Америка муносабатлари даражасидан гувоҳлик бериши ҳақида гапирган.

Тиллерсон «АҚШ Япония ва бошқа иттифоқчиларини ҳимоя қилиш тамойилидан оғишмаслиги»ни қўшимча қилган.

Бундан олдинроқ, Давлат котибининг матбуот котиби Марк Тонер Қўшма штатлар Шимолий Корея билан Корея ярим оролини ядродан холи қилиш масаласида мулоқот бошлаш учун очиқ эканини, бунинг учун расмий Пхеньян зарур қадамни ташлаши лозимлиги ҳақида баёнот берганди.

Тиллерсон 17 март куни Сеулга, 18 март куни эса Пекинга ташриф буюради.