Американинг Ҳавайи штати федерал судъяси Деррик Уотсон АҚШ президенти Дональд Трампнинг янги миграция фармони ижросини тўхтатди. Бу ҳақда Associated Press хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, Уотсон ўз қарорини 15 март куни эълон қилган. У Ҳавайи маъмуриятининг Трамп фармони ижросини вақтинча тўхтатиш бўйича илтимосини кўриб чиқиб, шундай қарорга келган. 

Унда, шунингдек, суд хулосаси «ҳукумат қарори ижросига 16 мартдан тўсиқ бўлиши» айтилган.

Ҳавайи маҳаллий ҳукуматининг уқдиришича, Трампнинг фармони инсонларни фуқаролигига кўра камситади. Уларнинг айтишича, фармон Ҳавайи аҳолисига тақиқ жорий қилинган мусулмон мамлакатлардаги қариндош-уруғларини бориб кўришларига имкон бермайди. 

10 март куни Ҳавайи штати Трампннг янги миграция фармонига қарши судга мурожаат қилган эди.