Туркиялик хакерлар Анқара ва Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари ўртасида дипломатик муносабатларнинг кескинлашиши ортида Франциянинг бир қатор ҳукумат идоралари ва ноҳукумат ташкилотларининг сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларига катта кўламли ҳужумлар амалга оширишди. Жумладан, Франция иқтисодиёт вазирлиги ва Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг саҳифалари бузиб кирилган.

Хакерлар сайтларда нацистлар рамзи ҳисобланувчи свастика белгисини жойлаштиришган ва шу тариқа Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Германия ва Нидерландияни "фашист давлатлар" деб атаганини қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Шунингдек, сайтдаги хабарлар Эрдўғаннинг тегишли гапларига ҳаволаларга эга бўлган.

Франция иқтисодиёт вазирлиги унинг Twitter ижтимоий тармоғидаги аккаунти бузиб кирилганини тасдиқлаган ҳамда "муаммо бартараф этилганини" маълум қилган. 

Twitter ижтимоий тармоғи номаълум хакерлар 20 дан кўпроқ, жумладан Европарламент, Amnesty International, Forbes нашри ва бошқа ташкилотлар ҳамда компанияларнинг саҳифалари бузиб кирилганини тан олди.

Таъкидланишича, хакерларнинг бундай йўл тутишларига Туркия ва Нидерландия ўртасидаги дипломатик низо ундаган.