Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган “MITT – 2017” халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш қилинмоқда. 

ЎзАнинг Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига асосланиб маълум қилишича, “MITT – 2017” халқаро кўргазмасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Central Asia Travel”, “Marco Polo CAT”, “Compass Tour”, “Azimut Samarkand Travel”, “Oriental Tales”, “Shahriyor-Tur” каби сайёҳлик компаниялари иштирок этмоқда. 

185 мамлакатдан икки мингга яқин сайёҳлик фирма ва компанияси вакиллари, эксперт ва мутахассислар қатнашаётган кўргазма сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. 

Ўзбекистон мазкур халқаро сайёҳлик ярмаркасида бир неча йилдан буён фаол қатнашиб келмоқда. 2016 йилги ярмаркада Ўзбекистон миллий стенди “Энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти” мақомига сазовор бўлган эди. 

Бу гал ҳам “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Унда мамлакат тарихий обидалари, ўзбек халқининг миллий анъана ва қадриятлари акс этган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа тарихий шаҳарларнинг диққатга сазовор жойларига оид ранг-баранг маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Кўргазма доирасида Ўзбекистон делегациясининг Москвада қатор ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган. Музокаралар давомида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилади.