16 март куни Тошкент шаҳридаги матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт тизимида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан биридир" мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Шуни тан олиш керакки, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетиши ҳолатлари кўпайиб кетган эди. Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган салбий ҳолатларнинг олди олиниб, бундан буён уларга йўл қўйилмаслиги учун қатъий чоралар кўрилмоқда, дорихоналарда ҳаётий муҳим дори воситаларини аниқ белгиланган нархларда сотилиши таъминланмоқда. 

Ҳозирда четдан олиб келинадиган ҳамда мамлакатимиздаги ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун 15 фоиз, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланадиган чекланган савдо устамалар қўлланилган ҳолда амалга оширилмоқда. 

Яна бир янгилик шундан иборатки, тиббиётда кенг қўлланиладиган 300 дан зиёд номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этилган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ҳар чоракда ўрнатилган тартибда белгиланади.